Умумий овқатланиш корхоналарида меню давлат тилида бўлиши шарт
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобат қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқ ва бошқа ахборот ресурсларида республикамизда фаолият юритаётган умумий овқатланиш шохобчалари хизматларидан норозилик билдирилган мурожаатлар ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар давомида хўрандаларга тақдим этилаётган таомнома хорижий тилларда яъни рус, инглиз, турк, хитой ва бошқа тилларда эканлиги аниқланди.
Жумладан,
Тошкентдаги “Basri Baba” турк таомлари ресторани масъулларини жалб қилган ҳолда ўрганилганда таомнома фақат турк тилида эканлиги, ушбу ҳолат хўрандаларда бирмунча қийинчилик туғдираётгани ўз тасдиғини топди. Ўрганиш натижасида ресторан томонидан таомнома маълумотлари давлат тилида тайёрланиб, қўшимча хорижий тилларда ҳам берилиши таъминланди.
“CHINA CHUAN CHUAN” МЧЖга қарашли хитой таомлари ресторанида хўрандаларга хорижий тилда муносабатда бўлинаётганлиги юзасидан тушган мурожаат ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида қонунбузилиш юзасидан тегишли чоралар кўрилган: эндиликда ресторанда давлат тилида хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолият бошлагани ҳамда рус ва хитой тилларида тузилган таомномалар ўзбек тилидаги таржимасида хўрандаларга берилиши таъминланди.
Шунингдек, Тошкентдаги “MIRZO-BOBUR” МЧЖга қарашли “Воn!” кафеси ходимлари томонидан мижозларга рус тилида хизмат қилинаётгани бўйича ижтимоий тармоқда қолдирилган мурожаат ҳам ўрганилди. Ўрганиш натижасига кўра, кафенинг 26 та шохобчасида таомномалар хўрандаларнинг талабига асосан давлат тилида, шунингдек рус ва инглиз тилларида тақдим этилаётгани маълум бўлди.
Ижтимоий тармоқ орқали "CAKELAB" қандолат ресторани тармоқларининг таомномасида рус тилида маълумотлар берилаётгани ҳам танқид қилинган. Мазкур масала ресторан масъулларини жалб қилган ҳолда ижобий ҳал этилиб, таомномалар давлат тилига мувофиқлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилади. Мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин.