Валюта курслари 24/12/2024
$1 – 12902.00
UZS – 0.07%
€1 – 13428.40
UZS – 0.31%
₽1 – 127.60
UZS – 1.3%
Қидириш
Ўзбекистон 19/05/2016 Учтомонлама маслаҳат гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди
Учтомонлама маслаҳат гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкентда Ўзбекистон Республикасида 2014-2016 йиллар учун муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастури бажарилишини мониторинг қилувчи Учтомонлама маслаҳат гуруҳи йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида “Ўзбекистон Республикасида 2014-2016 йилларга мўлжалланган муносиб меҳнат Дастури”ни ўз ичига олган англашув Меморандуми имзоланган.

Ушбу дастур, меҳнат соҳасида асос солувчи тамойиллар ва ҳуқуқларни амалга ошириш, муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида Ўзбекистонда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ уч бўлимни ўз ичига олади.

Бугунги кунда танланган устувор йўналишларга мувофиқ ушбу дастур компонентларини амалга ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ХМТ кўмагида Халқаро меҳнат ташкилотининг 82, 87, 129, 132, 144 ва 183-сонли конвенцияларини ратификация қилиш таклифлари киритилди. ХМТнинг техник, услубий ва эксперт кўмаги билан ҳар йили асос солувчи конвенциялар бажарилиши юзасидан мониторинг ўтказилмоқда, аҳоли билан Қайта алоқа механизми йўлга қўйилди. ХМТ экспертларининг республикада ташкил этилаётган халқаро конференция ва давра суҳбатларида, шунингдек, Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни, Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган тадбирларда иштироки таъминланди.

Шунингдек, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Россия Академияси, Молдова Республикасининг меҳнат институтида Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари учун семинарлар ўтказилди. Касаба уюшмаларининг тренер-ўқитувчиларини тайёрлашга йўналтирилган “Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг таълим тизимини такомиллаштириш” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. ХМТнинг Туриндаги Халқаро ўқув маркази ўқув курсларида, шунингдек, ХМТ томонидан Озарбайжон, Арманистон, Белоруссия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияда ташкил этилган субминтақавий конференция ва ўқув семинарларида Ўзбекистон вакилларининг иштироки ташкил этилди.

Бундан ташқари, мунтазам равишда давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар вакиллари учун меҳнат соҳасида асос солувчи тамойиллар ва ҳуқуқлар, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарда касаба уюшмалари фаолияти, корпоратив ижтимоий масъулият, иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ва ёшлар бандлиги бўйича ўқув тадбирлари ҳамда семинарлар ташкил этилмоқда.

Йиғилишда Маслаҳатлашув гуруҳи аъзолари томонидан Меҳнат вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ва “Ўзбекистонда муносиб меҳнат мамлакат дастурини амалга ошириш” лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Х.Талиганинг мазкур дастурни амалга ошириш ҳолати ва истиқболлари тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

Муҳокамалар якунида дастурнинг асосий компонентларини жорий этиш ишларини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг