Туркиянинг Истанбул шаҳрида "Ўзбекистон инвесторлар куни" ташкил этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Илҳом Ҳайдаров Туркия Савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи (TOBB) президенти Рифат Ҳисаржиклиоғлу билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларнинг бугунги кун ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди.
"TOBB ETÜ" университети билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, Анқарадан Тошкентга малакали ўқитувчиларни жалб этишга эътибор қаратилди.
Томонлар TOBB ҳузуридаги Туркия иқтисодий сиёсат тадқиқот жамғармаси фаолияти билан танишиб чиқиш ҳамда унинг тажрибасини ва имкониятларидан фойдаланиш юзасидан келишувга эришдилар.
– Мен Ўзбекистонга қилган сафарларимни мамнунлик билан эслайман, – деди TOBB президенти Рифат Ҳисаржиклиоғлу. – Юртингизда Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доиралари билан бир қатор тадбирлар ва бизнес-форумларни ташкил қилганмиз. Ташрифларим давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашиш шарафига муяссар бўлдим. Мен Ўзбекистон Президентини жуда ҳурмат қиламан, у томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида юртингиз юксак иқтисодий кўрсатгичларга эришмоқда.
Мулоқот чоғида тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шиша, мебельсозлик, фармацевтика ва заргарлик соҳаларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга эътибор қаратилди.
Учрашув якунида жорий йил куз фаслида Истанбул шаҳрида "Ўзбекистон инвесторлар куни"ни биргаликда ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.