Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Туркияда содир бўлган зилзила Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини баҳолади, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) мамлакатлари ўртасидаги табиий офатларни мониторинг қилиш ва фавқулодда чоралар кўриш бўйича ҳамкорлик имкониятларини таҳлил қилди.
Туркиядаги зилзила оқибатларининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ташқи савдо, инвестициялар, меҳнат миграцияси ва ялпи ички маҳсулот каби йўналишларда ўрганилди.
2022 йилда Ўзбекистоннинг Туркияга экспорти ($1,5 млрд) асосан мис, пахта, рух ва пластмасса каби хомашёдан, импорти ($1,7 млрд)
эса машина ва асбоб-ускуналар, пластмасса, кимёвий моддалар, пигментлар ва фармацевтика маҳсулотларидан иборат бўлган. Таҳлил натижаларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги савдода қуйидаги ўзгаришлар аниқланди:
- зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли реконструкция лойиҳалари Ўзбекистондан мис, рух, пластмасса, алюминий, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари импортига талабни янада ошириши мумкин;
- тўқимачилик саноати марказларидан бири бўлган Қаҳрамонмараш зилзиладан катта талафот кўрганлиги сабабли, мавжуд вазият Туркияга ип-калава экспортига (2022 й. $523,3 млн) салбий таъсир кўрсатиши мумкин;
- Туркиядан импорт қилинадиган ранг берувчи пигментлар ва газламалар етишмаслиги сабабли мавжуд вазият Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Туркиядаги зилзила фонида давлат харажатлари ва инфляциянинг кескин ошиши меҳнат муҳожирлари даромадига таъсир қилиши ва бу мамлакатдан пул ўтказмалари оқимини камайтириши мумкин (2021 й. $230 млн).
Туркияда содир бўлган зилзиланинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини баҳолаш The Thomson Reuters Trust Principles томонидан таклиф қилинган сценарийларга асосланган. Туркия ялпи ички маҳсулоти ўсишининг қисқариши Ўзбекистонда ЯИМ ўсишининг 0,03 ф.п. дан 0,1 ф.п. гача пасайишига олиб келиши мумкин.
2011 йилда Японияда юз берган зилзила табиий офатлар даврида "одамлар офатга қарши" концепцияси биринчи ўринга чиқишига ёрқин мисол бўлди. Бунда талафотнинг оғир оқибатларини бартараф этиш учун одамлар бирлашишга интилади:
- Японияга 23 та мамлакатдан қутқарув гуруҳлари юборилган;
- 163 та мамлакат ва 43 та халқаро ташкилотдан ёрдам таклифи олинган;
- 17,5 миллиард иенадан ортиқ хайрия кўмаги йўналтирилган.
ТДТ мамлакатлари табиий ҳодисаларни (зилзилалар) мониторинг ва таҳлил қилиш, шунингдек, уларга ўз вақтида жавоб бериш учун муҳим илмий ва амалий салоҳиятга эга:
- сейсмик фаолликни ўрганиш ва олдини олиш бўйича миллий институтларни фаол ривожлантирмоқда;
- зилзилаларнинг оқибатларига қарши курашиш ва бартараф этиш бўйича икки томонлама (6 та битим) ва кўп томонлама (9 та битим) форматда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўймоқда.
Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари
ҳудудида Табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича Осиё маркази ва Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар хавфини камайтириш маркази фаолият юритади.
Тадқиқот натижасида ТДТ давлатлари томонидан Туркияга ёрдам кўрсатиш бўйича таклифлар тайёрланди:
1. Биринчи даражадаги тадбирлар: одамларни қутқариш ва уларга зарур бирламчи ёрдам кўрсатиш.
2. ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кейинги чора-тадбирлари: зилзила оқибатида вайрон бўлган ҳудуд объектлари ва иқтисодиётини тиклаш.
3. Узоқ истиқболдаги ҳаракатлар: табиий офатларга жавоб бериш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича мунтазам ўзаро ҳамкорлик.