Тошкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 4-7 апрель кунлари Туркияда туризм салоҳиятларини намойиш этувчи кўптармоқли 3th World Health Sport Alternative Tourism Congress & Exhibition (Hestourex 2019) кўргазма ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. Ушбу кўргазма ўз ичига асосан медицина, туризм ва спорт йўналишларини қамраб олган. Таъкидлаш жоиз, мазкур тадбир Туркия президенти девони ташаббуси остида ташкил қилинган бўлиб, мамлакатнинг бир қатор вазирлик ва идоралари ҳам уни қўллаб-қувваталмоқда.
“HESTOUREX”нинг асосий мақсади – профессионал бизнес учрашувларида мамлакатлар ўртасида икки томонлама ҳамкорлик орқали муқобил соҳаларда туризмни ривожлантириш (соғлиқни сақлаш, спорт ва бошқалар).
Ушбу тадбирда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов ва МОҚ халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев ҳам иштирок этмоқда.
Ташкилотчилар спорт соҳасида ўзларининг максимал имкониятларини Ўзбекистон МОҚ вакилларига намойиш этиш учун уларга Қайсари шаҳрида тур ташкил қилишди. Ушбу шаҳарнинг географик аҳамияти шунда эдики, ҳудуд денгиз сатҳидан 1000 метрдан баланд нуқтада жойлашган. Тоза ҳаво, яратилган қулай шароитлар нафақат туристлар, балки спортчилар учун ҳам айни муддао. Бу ерга кўплаб спорт турлари, айниқса, енгил атлетика, велоспорт билан шуғулланадиган терма жамоалар ташриф буюриб, юқори қулайликда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишлари мумкин. Қишки спорт турлари билан шуғулланувчиларга эса Эрджиес курорти ўз хизматларини таклиф қилмоқда. Таъкидлаш жоиз, курортнинг осма йўллари ўтган қуйи станциялари денгиз сатҳидан 2250 метр, юқори бекатлари эса 3400 метр баландликда жойлашган.
Кўргазмада эътиборга олиш лозим жиҳати унда Ўзбекистон МОҚ вакиллари Туркиянинг спорт федерациялари билан музокара ва суҳбатлар олиб боришди. Ушбу музокаралар B2B форматидаги бизнес учрашувлар, хизмат таклиф қилаётган томоннинг тақдимотларини ўз ичига олиб, қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Суҳбат якунида кўп соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик борасида муҳим келишувлар амалга ошди.
Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.