Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — "Ўзчармсаноат" уюшмаси Туркиянинг икки йирик бренди - "Jeune Pierre" ва ""Gelibolu Taban" билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокараларнинг дастлабки раундини бошлади. Мулоқотда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, "аутсорсинг" асосида ўзбек корхоналари билан ҳамкорлик бўйича ишларни ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
"Jeune Pierre" бренди эркаклар ва спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Асосан, Европа ва Араб давлатларига маҳсулотларини етказиб беради. Корхона айни вақтда ишлаб чиқаришини Ўзбекистонга кўчиришни режа қилмоқда. Хусусан, спорт пойабзалларининг устки қисмларини кенгайтириш бўйича янги лойиҳани амалга оширишни кўзламоқда. Шу мақсадда бу борада мамлакатимиз корхоналари билан апрель ойида музокараларни бошлайди.
"Gelibolu Taban" бренди ҳам мамлакатимизда мураккаб моделдаги пойабзалларнинг бир қисмини ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Бу турдаги пойабзалларни асосан Европа ва Россияга экспорт қилади. Бу борадаги ҳамкорлик ва салоҳиятли маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик бўйича дастлабки мулоқотлар бошланди.