Тошкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Иқтисодиётнинг турли тармоқлари тараққиёти бевосита унинг ҳуқуқий асосларининг мустаҳкамлиги билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда бугун мамлакатда устувор аҳамият қаратилаётган турзим соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида иккинчи ўқишда қабул қилниб, айни пайтда учинчи ўқишга тайёрланаётган “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик, мутахассислар ва олимлар иштирокида кенг муҳокамадан ўтказилмоқда.
Шу мақсадда 2019 йил 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Туризм – миллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришнинг стратегик тармоғи” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мутасаддилари, Савдо-санаот палатаси ходимлари, туроператорлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари жалб этилди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз туристик салоҳиятини юксалтириш, соҳа фаолиятини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг туризм соҳасидаги йигирмадан ортиқ Фармон ва Қарорлари мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш имконини бермоқда. Натижада юртимизга келаётган туристлар оқими йилдан-йилга кўпаймоқда. Биргина, 2018 йилда мамлакатимизга 5 млн 300 минг турист ташриф буюрган.
Ўзбекистон замини қадимдан Буюк ипак йўли чорраҳасидаги улкан салоҳиятга, табиий, тарихий ва маданий бойликларга, гўзал анъана ва урф-одатларга эга ҳудуд сифатида бутун дунё эътибори ва эътирофига сазовор бўлган. Бугунги кунда мамлакатимиз нафақат сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий соҳаларда, балки туризмда ҳам янги ривожланиш босқичига қадам қўйди.
Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси масъуллигида бугунги кунда учинчи ўқишга тайёрланаётган ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президаентининг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонидан келиб чиқиб тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳасига айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини имкон қадар қисқартириб, улар қонун лойиҳасининг ўзида акс эттирилди.
Жумладан, 40 дан ортиқ қонуности ҳужжатларидаги нормалар лойиҳага ўтказилиб, қонун лойиҳаси 26 та моддадан 44 та моддага кўпайди. “Туризм индустрияси”, “Туризм зонаси ва туризм кластери”, “Туроператорлар ва турагентлар, туристлар ва экскурсантлар, гидларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, “Туризм соҳаси субъектларининг бирлашмалари”, “Хавфсиз туризм” каби янги боблар билан тўлдирилди.
Қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида бир қатор хорижий — АҚШ, Франция, Германия, Италия, Англия, Испания, Россия, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Польша, Беларусь, Қозоғистон каби давлатларнинг туризм соҳасидаги қонунчилиги ўрганилиб, таҳлил қилинди. Шунингдек, туризмга алоқадор халқаро шартномалар жумладан, «Халқаро туризм соҳасидаги Манила декларацияси», «Минг йиллик Осака декларацияси» ҳамда халқаро ҳужжатлар яъни, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг «Бутун жаҳон туризм ташкилотининг резолюцияси»нинг амалиётда қўлланишига эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Туроператор ва турагентлар билан 20 дан ортиқ очиқ мулоқотлар ўтказилганлиги, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт Университети профессор ўқитувчилари билан бир неча марта учрашиб, илмий экспертизадан ўтказилганлиги алоҳида эътироф этилди.
Давра суҳбати иштирокчилари хавфсиз туризм шароитини яратиш, гидларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ички туризмни ривожлантириш, туризм индустрияси ва инфраструктурасини такомиллаштириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар ва бир қатор амалий таклифларни ўтрга ташладилар.
Давра суҳбатида мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, иқтисодий барқарорликни таъминлашга, соҳа тараққиётини таъминлаш ва унинг инфратузилмаларини жаҳон стандартларига мос равишда такомиллаштиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси.