Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Туризм 26/01/2019 Туризм сарҳисоби: 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллиондан ортиқ сайёҳ келган
Туризм сарҳисоби: 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллиондан ортиқ сайёҳ келган

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йили 25 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиб, юртимизнинг туристик имижини кенг тарғиб қилишга қаратилган 150 га яқин чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Франция, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Исроил, Тожикистон каби давлатлар фуқаролари учун визасиз тартиб жорий қилинди. Чет элликларни рўйхатга олишнинг тўлиқ электрон тизимига ўтилди.

Шунингдек, туризм индустриясини жадал тараққий эттириш мақсадида 142 меҳмонхона, 192 “Wi-Fi” ҳудуди, 29 сайёҳлик ахборот маркази, 462 санитар-гигиена шохобчаси ташкил этилди. Туризм синфидаги автотранспортлар сони 133 тага етказилди.

2018 йилнинг 19-21 ноябрь кунлари ўтказилган Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми доирасида 400 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар тақдим этилиб, сармоядорлар билан истиқболли саналган 37 шартнома ва меморандум, 86 инвестициявий келишув имзоланди.

Туризм соҳасини замонавий кадрлар билан таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти ўртасида ушбу олий таълим муассасасини халқаро университет сифатида тан олиш ҳамда БМТнинг логотипидан фойдаланиш бўйича келишувга эришилди.

Ҳозирги кунда университетда 137 талаба туризм бошқаруви, туризм хизматлари ва хизматни ташкил этиш йўналишларида таҳсил олмоқда. Талаб ва таклиф асосида университетда қабул квотасини ошириш режалаштирилган. Унга кўра, 2019-2020 ўқув йили учун кундузги ва сиртқи таълим йўналишлари бўйича қўшимча ўринлар ажратилади. Бакалавр ва магистратура таълим босқичлари бўйича янги йўналишлар очилади.

Мамлакатимизда бошқариладиган сайёҳлар оқимини ташкил этиш мақсадида нафақат қўшни мамлакатлар, балки Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Россия, Франция, Исроил, Грузия каби давлатларнинг туризм соҳасидаги компания ва уюшмалари билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Бу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг