Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Туризм 01/12/2018 Туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида
Туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар беради.

Қўмита аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва қатор манфаатдор идораларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган 2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Мажлисда Қўмита аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, масъул вазирлик ва идоралар мутахассислари, жамоатчилик вакиллари, шунингдек ОАВ ходимлари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида туризм тармоғи қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида мазкур йўналиш мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида белгиланган. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши юртимизда туризм тармоғининг янада ривожланишига муҳим омил бўлди.

Сўнгги йилнинг ўзида тармоқни қайта ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш, миллий туризм маҳсулотларини диверсификациялаш, сайёҳларни жалб қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Қатор мамлакатлар билан виза режимини соддалаштириш юзасидан тизимли, режали фаолият олиб борилмоқда.

Натижада мамлакатга хориждан сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошаётганлиги кузатилмоқда. Жумладан, 2017 йилда республикага келган сайёҳлар сони 2,7 млн. кишини ташкил этиб, бу уларнинг сони 33 фоизга ошганини англатади. Жорий йилнинг 10 ойи давомида мамлакатимизга 4,4 млн. турист ташриф буюрди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми ошди. Агар 2017 йилда бу кўрсаткич қарийб 550 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 10 ойи давомида туризм хизматлари экспорти ҳажми 870 млн. АҚШ долларига етди.

Логистика, инфратузилма, меҳмонхонада жой етишмаслиги, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, туризм тармоғи кадрлари салоҳиятини ошириш билан боғлиқ қатор муаммолар 2025 йилгача Ўзбекистонда Туризмни ривожлантириш концепцияси лойиҳасида ўз аксини топган бўлишига қарамай, мамлакатимиз ҳудудларидан, вазирликлар ва идоралардан, жойларда ишлаётган сенаторлардан келаётган материалларни ўрганиш, шунингдек экспертлар сўрови мамлакатда туризм соҳасини барқарор ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қанча қўшимча муаммоларни аниқлаш имконини берди.

Хусусан, Ўзбекистон туристик брендини ташқи бозорларда танитиш бўйича ягона стратегия мавжуд эмас. Кириш визалари бекор қилинганидан кейин туристлар оқими кўпайганлиги туризм билан боғлиқ бюрократик тартиб-таомилларни эркинлаштиришга қаратилган фаолиятни давом эттириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Туризм соҳасида малакали кадрларнинг етишмаслиги – зудлик билан ҳал этилиши зарур бўлган яна бир муаммодир. Таъкидланганидек, бу туризм соҳасида узлуксиз таълимнинг кўп босқичли тизими йўқлиги, эскирган ўқув режалари ва дастурлари қўлланилиётганлиги, таълим жараёнига инновацион технологиялар жорий этиш даражасининг етарли эмаслиги билан изоҳланади. Шу муносабат билан туризм-рекреацион кўринишидаги алоҳида иқтисодий зоналарни ривожлантириш негизида таълим кластерларини шакллантириш, саёҳат индустрияси профессионал иштирокчилари билан биргаликда ўқитиш тизимларини қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Мажлисда жойларни банд қилиб қўйишнинг халқаро тизимлари билан интеграциялашувнинг йўқлиги, авиа ва темир йўл чипталарини онлайн харид қилиш тизими йўлга қўйилмаганлиги тармоқни ривожлантириш йўлидаги жиддий тўсиқлардан бири эканлиги таъкидланди. Шу муносабат билан меҳмонхоналар, ресторанларда жойни заҳира қилиб қўйиш ва банд қилиш бўйича замонавий механизмлар ва технологик ечимларни жорий этиш зарурлиги қайд этилди.

Мажлисда иштирокчилар кўриб чиқилган масала юзасидан аниқ таклифлар бериб, ўз фикрларини билдирди.

Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг