Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 01/03/2024 Тупроққалъа туманида қуёш электр станцияси қурилиши бошланди
Тупроққалъа туманида қуёш электр станцияси қурилиши бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида 29 февраль куни “Voltalia” компанияси томонидан қуввати 100 мегаваттлик қуёш электр станцияси қурилишини бошлаш маросими бўлди.
Маълумки, давлатимиз томонидан қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, катта дастурлар амалга оширилмоқда. Охирги уч йилда ҳудудларда биргина қуёш ва шамол генерация қувватларини ишга тушириш учун 2 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар жалб қилинди. Натижада Бухоро, Жиззах, Қашқдарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 2,6 Гигаватт бўлган 9 та йирик қуёш ва шамол электр станцияси тармоққа уланди.
Яна бир муҳим жиҳати, бу лойиҳалар Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Франция каби тараққий этган мамлакатлар билан шерикликда амалга оширилаётир.
Маросимда давлатимиз раҳбари бу соҳанинг стратегик аҳамиятини қайд этди.
– Энергетика саноатида барқарорликка эришиш глобал интеграция шароитида ҳар бир давлатнинг стратегик мақсади. Айниқса, қайта тикланувчи генерациялар – замонавий тараққиётга эришиш, иқтисодиётни диверсификация қилишда куч-қувват бўладиган асосий “драйвер”лардан биридир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Муқобил энергетика ҳисобига бу йил республиканинг электр генерациясида “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши таъкидланди. 2030 йилга бориб, аҳолиси 40 миллиондан ортадиган Янги Ўзбекистон иқтисодиёти учун зарур бўлган энергиянинг 40 фоизини “яшил энергия” ҳисобидан қоплаш мақсад қилинган.
Бу борада аҳоли манфаатдорлигини ошириш учун ўтган йили “Қуёшли хонадон” дастури бошланди. 14 миллиард сўм имтиёзли ресурслар ажратилди, солиқ имтиёзлари берилди. Шунингдек, эҳтиёждан ортиқча электрни давлат томонидан кафолатли харид қилиш тизими йўлга қўйилди.
Бу ўз самарасини бера бошлади. Жумладан, Хоразмда ҳам 2 мингдан зиёд хонадон ва 855 та тадбиркорлар 15 мегаваттли қуёш панелларини ўрнатиб, улар томонидан эҳтиёжидан кўп ишлаб чиқарилган 320 минг киловатт-соат электр энергияси давлат томонидан сотиб олинди.
Энди бу соҳада яна бир мажмуа – Франциянинг “Voltalia” компанияси томонидан Тупроққалъа туманида қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бошланмоқда.
Бу Хоразмдаги илк шундай йирик лойиҳа бўлади. Унинг натижасида йилига 254 миллион киловатт соат “яшил энергия” ишлаб чиқарилади. Бу эса Хоразм вилояти йиллик электр энергияси истеъмолининг 11 фоизини қоплайди. Ушбу станцияни йил якунигача тармоққа улаш режалаштирилган.
Умуман бу лойиҳа ишга тушса, Хоразм вилоятида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари 30 фоизга ошиб, 424 мега-ваттга етади. Хусусан, Тупроққалъа туманининг электрга бўлган йиллик 135 миллион киловатт соат талаби тўлиқ қондирилади.
Шу билан бирга, истеъмолдан ортган 40 фоиз энергияни қўшни туманларга узатиш имконияти пайдо бўлади. Яъни, 85 минг хонадонни электр энергияси билан барқарор таъминлашга эришилади.
Энг муҳими, ушбу лойиҳа орқали 76 миллион метр куб табиий газ тежалади, атмосферага 106 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.
Яна бир эътиборли томони, мазкур лойиҳа доирасида илк бор агровольтаика тажрибаси қўлланади. Бу бир майдоннинг ўзида энергия ва қишлоқ хўжалигини бирлаштириш усули бўлиб, қуёш панеллари остида сабзавот ва полиз экинлари етиштирилади.
Давлатимиз раҳбари бундай инновацион лойиҳалар Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги кўпқиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга  хизмат қилишини таъкидлаб, инвестор ва муҳандисларга миннатдорлик билдирди.
– Барчангизни нафақат Хоразм вилояти, балки бутун мамлакатимиз иқтисодиётига янги руҳ ва нафас олиб кирадиган мана шундай янги қувватлар билан табриклайман, – деди Президент.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг