Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нукус, Урганч ва Фарғона аэропортларини эрта тонгдан қуюқ туман қоплади. Аэропортларда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ҳаво кемаларини қабул қилиш ва учирилишига вақтинчалик чекловлар жорий этилди.
Хусусан, “Узбекистан Airways” авиакомпаниясининг Санкт-Петербург – Урганч йўналиши бўйича HY-9638 рейси самолёти соат 06:04 да Бухородаги муқобил аэродромга қўнди. Тошкент – Урганч/Урганч – Тошкент йўналиши бўйича HY-51/52 рейслари ҳам кечиктирилди. Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт Тошкентдан Урганчга соат 12:00 га, қайтиш рейси эса соат 14:15 га кўчирилди.
Шунингдек, “Узбекистан Airways” авиакомпаниясининг Тошкент - Нукус йўналиши бўйича HY-11 рейси ҳам Нукусдаги туман сабаб маҳаллий вақт билан соат 11:30 га қолдирилди.
Шунингдек, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Фарғона аэропортида самолётларни қабул қилишга чекловлар жорий этилди. "Силк Avia" авиакомпаниясининг Тошкент - Фарғона йўналишидаги US-401 рейси маҳаллий вақт билан соат 11:20 га кўчирилди. Фарғона аэропорти самолётларни учиришга одатдаги режимда ишламоқда.