“Трастбанк” ва Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси ўртасида 20 млн АҚШ долларлик битим имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президентимиз раислигида 2024 йил 16 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу мақсадларга эришишда банклар ташқи манбалардан 6 млрд доллар жалб қилиши муҳимлиги таъкидланганди. “Трастбанк” бу борада фаол иштирок этиб келаётган молия муассасаларидандир.
Бугун Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони) “Трастбанк”нинг Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси билан 20 миллион АҚШ долларлик имзолаган Битими айни шу саъй-ҳаракатларни изчил давом эттиришга хизмат қилади.
Ҳужжатга кўра, тадбиркорлик ва кичик бизнес билан шуғулланувчилар лойиҳалари молиялаштирилади. Маблағлар озиқ-овқат, текстиль, фармацевтика, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш каби соҳаларга йўналтирилади. Бу эса ушбу тизимлар янада равнақ топиши, энг муҳими, янги иш ўринлари яратилишига туртки бўлади.