Транзит ташувларида рухсатнома муддати узайтирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда транзит ташувларнинг ҳажмини ошириш, логистика тизимини ривожлантириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, миллий қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш ва транспорт соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурати юзага келяпти. Хусусан, “Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида”ги қонунда транзит рухсатномасини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан ўттиз кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши, зарур ҳолларда мазкур муддат узайтирилиши мумкинлиги белгиланган. Бироқ, қонунда ушбу муддатни узайтиришга асос бўлувчи ҳолатлар ҳамда узайтирилиши мумкин бўлган муддат чегараси аниқ белгиланмаган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши, зарур ҳолларда мазкур муддат бир ойгача узайтирилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатноманинг амал қилиш муддатини тўқсон кун этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши логистика тизимини ривожлантириш, транзит ташувларни хажмини ошириш ҳамда қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этган ҳолда, транспорт соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.