Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ижтимоий тармоқларда Тошкент автобусларида нақд пул билан йўлкира тўлаган йўловчиларга жарима солинади, деган маълумотга изоҳ берди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 январдан бошлаб, пойтахт автобусларида нақд пул билан йўлкира тўлаш тўлиқ тўхтатилди.
Транспорт вазирлиги маълум қилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига кўра, троллейбус, трамвай ва автобусларда билетсиз сафар қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми миқдорида жарима назарда тутилган. Бироқ бу фақат йўловчи ҳеч қандай усулда йўлкира тўламаган ҳолатларга тааллуқли.
Вақт ва маблағ тежаш мақсадида вазирлик электрон тўлов усулларидан фойдаланишни тавсия қилди, бунда йўлкира нархи 1700 сўмни ташкил этади. Йўлкирани банк карталари, мобил иловалар, ATTO транспорт ва виртуал карталари орқали тўлаш мумкин.
Paynet, MultiPay ёки Oson инфокиоскларида бир марталик чипталарни харид қилиш имконияти хам мавжуд.