Валюта курслари 20/12/2024
$1 – 12875.06
UZS – 0.1%
€1 – 13406.80
UZS – -0.67%
₽1 – 124.75
UZS – -0.57%
Қидириш
Иқтисод 14/04/2012 “Тошкентшаҳаргаз” янги газ ҳисоблагичлар ўрнатмоқда
“Тошкентшаҳаргаз” янги газ ҳисоблагичлар ўрнатмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Тошкентшаҳаргаз” бошқармасида табиий газ истеъмоли учун тўловларни ҳисобга оладиган “Биллингаз” дастури муваффақиятли жорий этилди. Барча туман бўлинмалари билан ягона тармоққа уланган ушбу дастур газ истеъмоли тўғрисида тез ахборот олиш имконини беради.

– Газ ҳам сув ва электр энергияси сингари ҳаётий муҳим ресурс ҳисобланади, – дейди “Тошкентшаҳаргаз” бошқармасининг етакчи муҳандиси Одил Ваҳобов. – Шу боис мазкур бебаҳо хомашёдан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Газ ресурсини тежаш мақсадида филиал бўлинмалари томонидан эскирган газ ҳисоблагичлар ўрнига замонавий, тежамкор электрон газ ҳисоблагич приборлари кенг тарғиб қилинмоқда ва жорий этилмоқда. Эски ва қўлбола иситиш қозонлари замонавийлари билан алмаштирилаётир. Техник шартларни белгилашда “Тошкентшаҳаргаз” бошқармаси газ таъминоти тизимлари ва узелларининг ишончлилигини ошириш, газ сизиб чиқишининг олдини олиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш имконини берадиган замонавий газ ускуналари ва ҳисоблаш приборларини ўрнатиш бўйича муайян меъёрий талаблар қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралда қабул қилинган “Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига замонавий ҳисобга олиш приборларини ва ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этиш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ коммунал истеъмолчилар хонадонларига газ ҳарорати ва босимини автоматик бошқарадиган замонавий ҳисобга олиш приборлари ўрнатилмоқда, хабар беради УзА.

Аҳоли уйларига табиий газ сарфини аниқ ҳисоблаш мақсадида ҳароратни бошқарадиган ҳисобга олиш приборлари ўрнатилаётир. Бу ускуналар ҳимоя воситаси ҳамда газни стандарт ҳолатга келтирадиган терморегуляторга эга. Улар “Тошкентшаҳаргаз” бошқармаси ходимлари томонидан абонент ҳисобидан тўловларни бирйўла ёки бўлиб-бўлиб тўлаш орқали хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда қўйилмоқда. Пойтахтимизда аҳолининг 80 фоизи ва юридик шахсларнинг 100 фоизига шундай ускуналар ўрнатилди.

Электрон ҳисоблагичлардан фойдаланиш давлат учун ҳам, истеъмолчи учун ҳам фойдалидир. Электрон ҳисоблагичлар ишлатилган газ миқдорини аниқ ҳисоблаш, фойдаланилган ресурс учун тўловларни флэш-карта орқали олдиндан тўлаш имконини беради.

Бундан ташқари, хонадонлар ичида ўрнатилган газ тармоқлари, ускуналар ва ҳисоблагичларнинг техник ҳолати ҳамда хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Ҳисоблагичларни текшириш давомида уларнинг қабул қилинган меъёрларга мослиги аниқланмоқда. Аҳоли хонадонларига ўрнатилган барча турдаги маиший газ ҳисоблагичлар тўрт йилда бир марта, корхоналардаги газ ҳисоблагичлар эса икки йилда бир марта мажбурий тартибда давлат назоратидан ўтказилмоқда.

Кўплаб муаммолар газ таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш билан боғлиқдир. Бу нафақат ноқонуний, балки хавфли ҳамдир. Чунки ушбу ҳолатлар бахтсиз ходисаларга сабаб бўлиши ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Пойтахтимизда бундай ҳолатларни аниқлаш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда.

Газ тақсимоти тизимида янги технологияларни жорий қилиш газ узатиш қувурлари ва тармоқларида унинг сирқиб кетишини бартараф этишга ҳам ёрдам беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг