Валюта курслари 17/07/2025
$1 – 12758.36
UZS – -0.15%
€1 – 14820.11
UZS – -0.74%
₽1 – 163.34
UZS – -0.41%
Қидириш
Иқтисод 16/07/2025 Тошкентдаги Шимолий (Марказий) вокзал олдида қисқа муддатли тўхташ зонаси ташкил этилди

Тошкентдаги Шимолий (Марказий) вокзал олдида қисқа муддатли тўхташ зонаси ташкил этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар Шимолий (Марказий) темир йўл вокзали олдида автотранспорт воситалари учун махсус ҳаракат йўлаги ташкил этилди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати маълум қилишича, энди ҳайдовчилар вокзал олдида бепул тарзда беш дақиқагача тўхташи мумкин бўлади.

Агар тўхташ муддати беш дақиқадан ўн дақиқагача бўлса, белгиланган тариф асосида тўлов ундирилади. Ўн дақиқадан ортиқ тўхташ ҳолатида эса маъмурий жавобгарлик қўлланилади: Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга жарима тайинланади.

Ҳудудда махсус йўл белгилари ўрнатилган бўлиб, улар қисқа муддатли тўхташга рухсат беради, лекин тўхтаб туриш (стоянка) ман этилади. Ҳар бир автомобилнинг тўхташ вақти ва рақамларини аниқловчи видеокузатув камералари ўрнатилиб, улар орқали автоматик жарима расмийлаштирилади. Ҳозирда шлагбаумлар ва видеофиксация тизимлари ўрнатиш ишлари якунланмоқда.

Аввал бу ерда жамоат транспорти учун якуний бекат жойлашган эди, у энди вокзал олди майдонининг ён томонига кўчирилди. Илгари йўловчиларни қонуний ва қулай тарзда тушириб қолдириш имконияти мавжуд эмаслиги туфайли ҳайдовчилар кўп ҳолларда ЙҲҚни бузишга мажбур бўлишган.

Компания таъкидлашича, вокзалларда шарт-шароитларни яхшилаш бўйича топшириқ 2025 йил 27 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда берилган эди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг