Тошкентда "Ягона саломатлик" ёндашуви доирасида зооноз касалликларни диагностика қилиш бўйича халқаро тренинг ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги давлат марказида зооноз касалликларни лаборатория диагностикаси бўйича беш кунлик халқаро тренинг бўлиб ўтди.
Тадбир Пандемияларга қарши кураш жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган "Марказий Осиёда ЪЯгона саломатликʼ ёндашуви орқали пандемияга тайёргарлик ва жавоб чоралари" лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда. Лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Жаҳон банки томонидан биргаликда амалга оширилмоқда.
Тренинг Марказий Осиёнинг беш давлатида: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистонда пандемияларга тайёргарликни кучайтириш мақсадидаги кенг кўламли минтақавий ташаббуснинг бир қисмидир.
“Ягона саломатлик ёндашуви инсон, ҳайвон ва атроф-муҳит саломатлиги ўртасидаги чамбарчас боғлиқликка эътибор қаратади,” — деди ФАО лойиҳасининг бош техник маслаҳатчиси Наримон Нишонов. — “Ўсиб бораётган аҳоли сони ва мамлакатга ташриф буюраётган сайёҳлар эҳтиёжини хавфсиз ва сифатли гўшт билан таъминлаш Ўзбекистон ҳукумати олдидаги муҳим вазифалардан биридир. Бунга эришиш учун эса ҳайвон касалликларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали назорат қилиш зарур. Шу боис, бундай тренинглар айни пайтда ниҳоятда долзарб ҳисобланади.”
Тренингнинг амалий жиҳатини кучайтириш мақсадида Германиядан умумий қиймати қарийб 15 000 АҚШ долларига тенг диагностика воситалари ва реагентлар харид қилинди. Ушбу воситалар таркибига қутуриш ва брутселлоз касалликларини аниқлаш учун ПЗР ва ИФА тўпламлари, РНКни ажратиб олиш учун тўпламлар, примерлар, назорат намуналари ҳамда микропипеткалар учун махсус учлар киради.
Ўқув дастурини халқаро эксперт Кирил Крстевский олиб борди, у ҳайвонлар саломатлиги назорати (НСАҲ) бўйича мутахассис, Европада оқсил касаллигига қарши кураш бўйича комиссиянинг (ЭуФМД) Болқон мамлакатлари тармоғи раҳбари.
Тренинг иштирокчилари минтақадаги энг муҳим зооноз касалликлар — қутуриш ва брутселлознинг замонавий диагностика усулларини ўргандилар. Амалий дастур вирусларни аниқлаш учун реал вақтда ПЗР, антикорларни аниқлаш учун иммунофермент таҳлил (ИФА), биологик хавфсизлик ва био ҳимоя тамойиллари, шунингдек стандарт операцион протседураларни ишлаб чиқиш каби илғор лаборатория усулларини ўрганишни ўз ичига олади. Иштирокчилар замонавий диагностика ускуналари билан ишлаш бўйича амалий кўникмалар олдилар ва лаборатория тадқиқотлари сифатини назорат қилишнинг халқаро стандартларини ўргандилар.
Марказий Осиё ўзининг географик жойлашуви ва қўшни давлатлар билан фаол савдо алоқалари туфайли пандемияларни олдини олиш учун муҳим минтақадир. Лаборатория имкониятларини кучайтириш ва малакали мутахассисларни тайёрлаш касаллик тарқалишини эрта аниқлаш ва уларни сиқиб чиқариш учун жуда муҳимдир.
Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вакилларининг айтишича,
тренинг давомида иштирокчилар ҳайвонларда учрайдиган юқумли инфекцион касалликларни серологик ва молекуляр усуллар билан аниқлаш бўйича назарий ва амалий кўникмаларни чуқурлаштириш имкониятига эга бўлдилар.
Тренинг иштирокчиларга халқаро сертификатлар берилиши билан якунланди. Олинган билим ва кўникмалар Ўзбекистонда барқарор эпидемиологик кузатув тизимини ривожлантиришга ва "Ягона саломатлик" соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Ушбу лойиҳа глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги соҳасидаги муваффақиятли халқаро ҳамкорликнинг яққол намунаси бўлиб, Марказий Осиё давлатларининг келажакдаги пандемияларнинг олдини олиш йўлида ҳамкорликда ҳаракат қилишга тайёрлигини кўрсатади.