Тошкентда Хивага йўловчи ташиш учун янги замонавий вагонлар ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 24 апрель куни, Марказий темир йўл вокзалида "Тошкент – Хива – Тошкент" йўналишида ҳаракатланувчи 10 та замонавий турдаги вагонларнинг йўловчилар учун фойдаланишга топшириш маросими ўтказилди.
Вагонлар 4 та пласткарт (ҳар бири 54 та ўринга эга), 4 та купе (ҳар бири 36 та ўринга эга) ҳамда 2 та СВ (ҳар бири 18 та ўринга эга) турдаги вагонлар бўлиб, улар бир вақтнинг ўзида 396 нафар йўловчини ташиш имкониятини беради.
Кун сайин Ўзбекистонда ички ва ташқи туризм ривожланиб бормоқда. Табиийки, бу йўловчи ташиш транспортига талаб ҳам ортишига сабаб бўлади. Сўнгги йилларда бу соҳада бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Хусусан, янгидан янги электропоездларнинг юртимизга олиб келинаётганлиги сайёҳларга янада қулай шароитлар яратиб бермоқда. 2023-2024 йилларда замонавий турдаги 47 та йўловчи вагонларни харид қилинганлиги, кўркам дизайндаги темир йўл вокзалларининг барпо этилаётганлиги бунга яққол мисол бўла олади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-329-сонли қарори асосида, 2025-2026 йилларда янгича дизайн ва услубда ишланган, барча қулайликларга эга бўлган 70 та замонавий йўловчи вагонларини харид қилиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Саноатни ривожлантириш жамғармаси томонидан имтиёзли кредит линиялари асосида маблағлар ажратилди. Бугунги тақдимот маросимида ана шу вагонларнинг дастлабки 10 таси йўловчилар учун фойдаланишга топширилди ва 26 апрелдан бошлаб вагонлар йўловчиларга хизмат кўрсата бошлайди.
Ушбу вагонлар “Туризм пойтахти” деб ном олган Хива шаҳрига йўловчиларимизни ташиш учун хизмат қилади ва йилига 144 540 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятини яратади. Мухтасар қилиб айтганда, келгуси икки йил давомида ушбу каби йўловчи вагонларимиз сони яна 70 тага кўпайтирилиб, эски турдаги йўловчи вагонлардан босқичма-босқич тарзда воз кечилади ва бу орқали темир йўл транспортидан фойдаланувчи йўловчиларга юқори даражадаги хизматлар кўрсатилишига эришилади. Ушбу ишларнинг амалга оширилиши натижасида йилига 1 млн нафардан ортиқ йўловчиларни қўшимча ташиш имкони пайдо бўлади.