Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 09/06/2018 Тошкентда «Сув ресурсларини бошқариш масалалари бўйича инновациялар ва илмий изланишлар кластери» иш бошлади
Тошкентда «Сув ресурсларини бошқариш масалалари бўйича инновациялар ва илмий изланишлар кластери» иш бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил 8 июнь куни Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ)да Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) кўмаги остида ТИҚХММИ билан 2017 йилнинг август ойида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида Марказий Осиёда биринчи «Сув ресурсларини бошқариш масалалари бўйича инновациялар ва илмий изланишлар кластери»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни ТИҚХММИ ректори профессор Ўктам Умурзоқов ҳамда МОМЭМнинг ижрочи директори Искандар Абдуллаев очиб берди. Тантанали тадбирда сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдурахмонов ҳамда ҳозирда, аниқроғи 2018 йилнинг 5-8 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтаётган Марказий Осиё экология форумининг (МОҲЭФ-2018) юздан ортиқ делегация раҳбарлари ва меҳмонлари иштирок этишди.

Кластер сув сектори мутахассислари салоҳиятини оширишга қаратилган мавжуд бошқа дастур ва муассасалардан айнан талабалар билан ишлаш механизмини ривожлантиришга қаратилгани билан ажралиб туради.

«Сўнгги 20-25 йил ичида тараққиёт ва таълим бўйича лойиҳалар ташқаридан экспертиза ва фанни жалб этиш орқали муаммоларни ечишга қаратилаётган эди. Маҳаллий миқёсда ўсиш жойларини яратиш вақти келди. Инновацион кластерлар айнан мана шундай ўсиш жойлари қаторига киради, — таъкидлади МОМЭМ ижрочи директори доктор Искандар Абдуллаев. – Кластернинг асосий мақсади – тараққиёт бўйича лойиҳаларнинг самарадорлиги ва барқарорлиги учун кадрлар базасини шакллаштиришга кўмак кўсатишдан иборат. Марказ талабалар ва ёш мутахассисларни илмий ва лойиҳавий фаолият билан шуғулланишга жалб этади, жаҳон таълим ресурслари, етакчи илмий адабиётларнинг электрон каталоги ва маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради».

Марказ ёш олимларнинг ишлаши ва илмий изланишлари учун ижодий қулай шароитларни ривожланириш мақсадини кўзлаган ўзига хос мультидисциплинар платформага айланади ҳамда фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоялар ва стартапларни тарғиб этиш орқали фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида алоқа ўрнатиш учун шароитларни яратишга кўмак кўрсатади.

«Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари олдида фан ва ишлаб чиқариш соҳасида олдинга кескин қадам ташлаш вазифаси турибди. Ушбу қадам нафақат иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиши, балки экологик барқарор бўлиши ҳам зарур», - деди доктор Абдуллаев.

Кластернинг вазифалари орасида қуйидагилар бор: олийгоҳнинг ўзида тараққиёт бўйича лойиҳаларни амалга ошириш; лойиҳаларни стратегик режалаштириш бўйича малака ошириш, ресурслар ва молиявий манбаларни мобилизация қилиш; танқидий фикрлаш малакасини ошириш ва тадқиқотлар ўтказиш. Таъкидлаш керакки, талабалар билан фойдали амалий малака ошириш борасида ишлар олиб борилади: музокаралар ўтказиш, лойиҳани ҳужжатлаштириш, журналлар учун эссе ва мақолалар ёзиш.

Умуман олганда кластер ишини уч қисмга ажратиш мумкин: лойиҳаларни амалга ошириш учун тажриба билан ўртоқлашиш, илмий изланишлар бўйича тажриба алмашиш ва салоҳиятни кучайтириш.

Очилиш маросимидан кейин Кластерда МОМЭМ-ТИҚХММИнинг дастлабки тадбирлари ўтказилади.

2018 йилнинг 9 июнь куни марказда иқтисодиёти ўтиш босқичида бўлган давлатларда Лейбниц қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти IAMOнинг «Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш ва қишлов хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги инновацион илмий изланишлар ва таълим бериш» мавзусига бағишланган семинари ўтказилади.

2018 йил 13-19 июнь кунлари Кластер аудиторияларида «Марказий Осиёда сув» (CAWа) лойиҳасининг «Сув ресурслари бошқарувини яхшилаш учун инновацион инструментлар» мавзусига бағишланган семинари бўлиб ўтади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг