Мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, шунингдек, кузатувчи мақомига эга давлатлар – Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Афғонистоннинг етакчи тадқиқот марказлари экспертлари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ва Котибияти, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этиши режалаштирилмоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўтган йиллардаги фаолияти давомида нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар қаторидан муносиб ўрин эгаллади. Бугунги давлатлараро муносабатлар тизимида хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш, ўзаро манфаатли соҳаларда турли лойиҳаларни амалга оширишда самарали механизмга айланди. Ташкилот жаҳон ҳамжамияти эътиборини бутун дунёга жиддий хавф солаётган терроризм, экстремизм ва наркотрафик масалаларига қаратмоқда.
2001 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотини ташкил этиш тўғрисида тарихий қарорни қабул қилди. Бугунги кунда Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Эрон, Мўғулистон ва Беларусь ШҲТ фаолиятида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ва Непал ШҲТнинг мулоқот бўйича шерик мақомига эга. Бундан ташқари, БМТ ва унинг тузилмалари, АСЕАН, МДҲ, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, ЭСКАТО каби қатор халқаро ташкилотлар билан шериклик муносабатлари ўрнатилган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форуми аъзо давлатларнинг илмий-тадқиқот ва сиёсий марказлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, ШҲТ фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида унинг фаолиятига доир айрим масалалар бўйича тадқиқотлар ўтказиш, таҳлилий ва прогноз материаллар, тавсиялар тайёрлаш учун кўп томонлама мустақил ижтимоий маслаҳат-эксперт механизми ҳисобланади.
Ўтказиладиган тадбир доирасида ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллигида, 2016 йил июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари, ШҲТ маконида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари, хавфсизлик, савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек, ташкилотни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилади.
ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг ўтган йилги мажлисида муҳим ҳужжат – ШҲТнинг 15 йиллик фаолияти якунлари ва истиқболда уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари акс эттирилган Тошкент декларацияси қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир. Давлат раҳбарларининг учрашуви якуни бўйича Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар ҳам имзоланган эди.
Кузатувчи мақомига эга ва мулоқот бўйича шерик давлатлар билан алоқаларни фаоллаштириш, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва уларнинг улкан салоҳиятини ШҲТ доирасида биргаликдаги фаолиятга жалб қилиш бўлажак учрашувнинг муҳим масалалари сифатида қайд этилган.
ШҲТ Форуми 12-мажлисининг кун тартибида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тақдим этилиб, унинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилади. Мазкур стратегиянинг асосий мақсадлари хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш бўйича ШҲТ фаолиятининг асосий йўналишларига мос келади.
Ҳаракатлар стратегиясида транспорт-коммуникация соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бундан ШҲТга аъзо давлатлар ҳам манфаатдордир. Бу борадаги қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши Осиё билан Европани боғлайдиган халқаро транспорт коридорларининг кўп вариантли тизимини шакллантириш имконини беради. ЎзА.