Валюта курслари 24/12/2024
$1 – 12902.00
UZS – 0.07%
€1 – 13428.40
UZS – 0.31%
₽1 – 127.60
UZS – 1.3%
Қидириш
Иқтисод 17/05/2016 Тошкентда оилавий тадбиркорлик йўналиши бўйича очиқ мулоқот ўтказилди
Тошкентда оилавий тадбиркорлик йўналиши бўйича очиқ мулоқот ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Тошкент политехника ва Миробод Енгил саноат касб-ҳунар коллежари билан ҳамкорликда партиянинг “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида “Тадбиркор – оила таянчи” мавзуида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Унда мамлакатда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишига кўмаклашиш, уларни айниқса, коллежни эндигина тамомлаётган қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда жойларда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, коллеж битирувчиларини, айниқса, қизларни иш билан таъминлашга доир фаолиятни кучайтириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Дилноза Абдуллажонова, O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши аёллар билан ишлаш бўлими мудири:

—Ҳар галгиданда ўзгача руҳда ва усулда ташкил этилган бугунги очиқ мулоқотимизда хотин-қизларнинг истеъдод ҳамда имкониятларини намоён этишлари учун мамлакатимизда яратиб берилган шарт-шароитлар ҳамда партиянинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш орқали аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш, республикамизнинг энг чекка ҳудудларидаги аҳолини, айниқса, хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш ва янги иш ўринларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Масалан, ўтган йилда биргина партиянинг “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар миқёсида 275 нафардан ортиқ касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлиги таъминланди, жорий йилнинг 1-чорагига келиб эса 90 нафарга яқин коллеж битирувчилари иш билан таъминланди. Асосийси, мазкур лойиҳа доирасидаги амалий ишлар орқали партия Дастури ва сайловолди платформасида белгиланган мақсад ва вазифалар амалга оширилмоқда.

Дилором Файзиева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

—Юртимизда тадбиркорликнинг ривожланиши учун барча ташкилий, ҳуқуқий асослар яратиб берилган. Жумладан, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда “Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони уларнинг самарали фаолият олиб боришда муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Натижада, жойларда тадбиркорларнинг, айниқса, ишбилармон опа-сингилларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда иқтисодий ва ҳуқуқий билим даражалари юксалмоқда.

Зарнигор Умарова, O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” фаоли, якка тартибдаги тадбиркор:

– Ўтган йили мазкур коллежни тамомлаб, тижорат банкдан 10 млн. сўм миқдорида кредит олдим ва ўз бизнесимни йўлга қўйдим. Иш фаолиятимни бошлашимда партиянинг алоҳида ўрни бор. Айниқса, “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” номли лойҳаси менда катта қизиқиш уйғотди ва лойиҳанинг бу йилги босқичида иштирок этиб, иш фаолиятимни янада кенгайтирмоқчиман. Эркаклар пойафзалини ишлаб чиқаришга мўлжалланган цех очиш мақсадида бизнес режа устида ишлаяпман. Мазкур лойиҳада ғолиб бўлиб, кредит олишга эришсам, ўзим тенгқурларимдан 10 нафар қизларни иш билан таъминлашга эришаман.

Дилафруз Алиева, “Аёллар қаноти” фаоли, Миробод Енгил саноат касб-ҳунар коллежи 3 босқич ўқувчиси:

—Бугунги тадбирда тажрибали тадбиркор аёлларнинг иштироки ва улар томонидан бизнесни тўғри бошлаш, даромад олиш, банкротлик ҳолатидан чиқиш тўғрисидаги маълумотлари менда катта таасурот қолдирди. Сабаби, мен ҳам коллежни тамомлаб, бизларга берилаётган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда кредит олмоқчиман ва модельер-конструкторлик йўналишида ўз бизнесимни йўлга қўйишни режалаштирганман. Бу каби фойдали, қизиқарли маълумотлар биз каби тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшларга жуда ҳам зарур деб ўйлайман. Мана шундай тажрибали ишбилармон, фаол аёлларини кўриб, очиғи жуда ҳам ҳавас қилдим ва келгусида партиянинг мазкур лойиҳаларида фаол қатнашиб, ўз тадбиркорлигимни йўлга қўйишни мақсад қилдим.

Тадбир давомида коллежнинг иқтидорли талабалари томонидан тикувчилик, карвинг, рассомлик ва пазандачилик йўналишлари бўйича мастер-класслар ва модалар намойиши ўтказилди ва партияга янги қабул қилинган аъзоларга партия гуҳномалари топширилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг