Форум ишида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг турли вилоятларидаги йирик корхона ва компанияларидан 500 нафарга яқин вакиллар иштирок этишди.
Форумда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг енгил саноат, энергетика, машинасозлик, металлургия, автомобилсозлик, транспорт-логистика, озиқ-овқат, кимё саноати, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, туризм каби соҳаларга ихтисослашган вазирлик, компания ва фирмалари вакиллари иштирок этди.
Бизнес-форумда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётгани, Ўзбекистонда хорижлик ҳамкорлар учун яратилаётган қулай инвестициявий муҳит, тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар тожикистонлик ишбилармонлар учун ҳам кенг имкониятлар яратаётгани таъкидланди. Икки мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоқлари салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир доирасида кимё, транспорт коммуникациялари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, саноат ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича истиқболли келишувларга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш 197 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги маҳсулот айирбошлаш 178,2 млн. АҚШ долларини ташкил этди.