16 июнь куни Тошкент шаҳрида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбудсманларининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда аъзо давлатлар мутасадди идораларининг 40 дан ортиқ вакиллари иштирок этишди.
Маълумот учун: Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти— аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилотдир. Мазкур нуфузли минтақавий бирлашма 1985 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, коммуникациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат каби устувор йўналишларда давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Бугунги кунда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига 10 та давлат аъзо ҳисобланиб, булар – Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистон кабилардир.
ИҲТга аъзо давлатларнинг Коррупцияга қарши курашувчи ташкилотлар раҳбарлари ва омбудсманларининг биринчи учрашуви 2011 йилнинг май ойида Теҳронда бўлиб ўтган эди.
Йиғилишнинг мазмун-моҳияти аъзо давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида минтақавий тажриба алмашиш, давлатлар ўртасида ягона коррупцияга қарши курашиш сиёсати механизмини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга тадбиқ этишга қаратилган. Шунингдек, тизимда қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш, тузилмалар ходимларнинг касбий фаолиятини юксалтириш ҳам йиғилишнинг мақсад ва вазифаларидан ўрин олган.
Тадбирда аъзо мамлакатларнинг Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ҳамда омбудсманлари амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар ва қарорлар, коррупцияга қарши курашишда омбудсманларининг ўрни, бу жараёнда инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақида маълумотлар беришди.
Анжуманнинг навбатдаги қисми Минтақавий марказ фаолиятининг ташкилий масалаларига бағишланди. Қайд этилдики, марказ Эрон давлатининг Теҳрон шаҳрида жойлашади ва унда ИҲТга аъзо давлатларнинг Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ҳамда Омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлиги мувофиқлаштирилади. Минтақавий марказ давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш тизими билан боғлиқ ташкилий масалаларига кўмаклашади. Марказ фаолиятида соҳада халқаро тажриба ва билим алмашиш механизми йўлга қўйилади, муҳим сиёсий тадбир ва анжуманлар ўтказилади. Бундай Минтақавий марказнинг ташкил этилиши, айтиш ўринлики, ташкилотга аъзо ҳар бир давлат учун муҳим сиёсий аҳамият касб этади.
Тадбир давомида икки томонлама учрашувлар ҳам ташкил этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга бўлиб ўтган ташрифи доирасида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Тожикистон Республикаси Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми алмашинувида соҳага оид келишувларни амалга ошириш механизмлари муҳокама этилди. Шунингдек, Қозоғистон давлати билан тизимда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Агентлик мутасаддилари ИҲТга аъзо давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва обмудсманлари билан халқаро ҳамкорликка келишиб олдилар.
Йиғилишни иккинчи қисмида ташкилотга аъзо давлатлар омбудсманларининг маърузалари тингланди. Аъзо давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари томонидан ўз давлатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолиятларидаги илғор тажриба ҳамда дуч келинаётган муаммоли ҳолатлар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш барча давлатлар учун устувор вазифалардан ҳисобланади. Шу боисдан ушбу соҳадаги ҳар бир ижобий ўзгариш аҳоли фаровонлигига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Маърузачилар томонидан Омбудсман ваколатлари доирасини кенгайтириш, жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмни такомиллаштириш орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати ўрнатиш бўйича фикр-мулоҳазлари билдирилди.
Қатнашчилар анжуманнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш сиёсатида муҳим ўрин эгаллашини инобатга олиб, кўтарилган ташаббуслар, қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳар бир давлат учун амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.
Тадбирнинг якуни сифатида давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш сиёсатини амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида таклифлар ишлаб чиқилди. Ушбу таклифлар асосида Тошкент Декларацияси қабул қилинди. Декларацияда қуйидагилар ўз аксини топди:
-ИҲТ га аъзо давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашишда ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш йўллари ва усуллари;
-мавжуд муаммо ва масалаларни ҳал қилишда аъзо давлатларнинг тегишли идоралари вакиллари ўртасида учрашув, келишув ва муҳокамаларни ташкил этиш;
-минтақадаги барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишга халақит бераётган коррупциявий тўсиқларни бартараф этиш масалалари;
-жамият тараққиёти ва фаровонлигига жиддий таҳдид соладиган ҳар қандай коррупция шакллари туфайли юзага келадиган муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш.
Бундан ташқари йиғилишда кўтарилган масалаларни ўзида акс эттирган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлари коррупцияга қарши курашувчи органлари раҳбарлари ва омбудсманларининг 4-йиғилиши хисоботи тасдиқланди.