Тошкентда илк бор Миллий техник малакани баҳолаш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганларга сертификатлар топширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), KOICAнинг лойиҳа амалга оширувчи ташкилоти HRD Korea мутахассислари ҳамда лойиҳага алоқадор мутахассислар иштирокида Миллий техник малакани баҳолаш (NTQ) имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганларга сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Ўзбекистонда касбий малакалар тизимини ривожлантириш ва маҳаллий мутахассисларнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган илк ташаббус сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Жами 251 нафар номзод (касб-ҳунар марказлари талабалари, битирувчилари ва касбий малакасини баҳолатишни ихтиёрий танлаган фуқаролар) имтиҳонларда иштирок этиш учун ҳужжат топширди. Илк босқичдаги назарий имтиҳонни 90 нафар иштирокчи муваффақиятли топшириб, амалиёт имтиҳонига йўлланма олди. Иккинчи босқични ҳам муваффақиятли топширган 30 нафар номзод Миллий техник малака сертификатини олишга лойиқ деб топилди.
Лойиҳа KOICA гранти асосида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармонининг 146-банди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 267-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда.
Имтиҳонлар автомобиль таъмири, электр ва электрон тизимлар ҳамда пайвандлаш соҳаларида ўтказилди.
KOICA ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамкорлигида жорий этилган ушбу тизим касбий таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги боғланишни мустаҳкамлаш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда рақобатбардошлигини кучайтиришга қаратилган.
Лойиҳа келгуси босқичларида Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш марказининг фаолиятини кенгайтириш, янги касблар бўйича имтиҳонлар жорий этиш режалаштирилмоқда.
KOICA Ўзбекистонда сифатли касбий таълимни ривожлантириш ва меҳнат бозори рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ҳаракатларини давом эттиради.