Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 27/03/2019 Тошкентда энергетика ва нефть-газ халқаро кўргазмалари бўлиб ўтади
Тошкентда энергетика ва нефть-газ халқаро кўргазмалари бўлиб ўтади

Тошкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Жорий йилнинг 15-17 май кунлари пойтахтимиздаги  “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Power Uzbekistan 2019” ва “OGU 2019” –  энергетика ва нефть-газ соҳаларидаги энг йирик халқаро кўргазмалар бўлиб ўтади.

Кўргазмалар “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятлари ва бошқа бир қатор ташкилотлар  ҳамкорлигида ўтказилади.

«Power Uzbekistan 2019 - Энергетика, энергия тежамкорлик, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари» халқаро кўргазмаси “Ўзэкспомарказ”нинг учинчи павильони ва очиқ майдонида ташкил этилади.

Мазкур кўргазма энергетика комплекси йўналишларининг кенг спекторини ифодаловчи етакчи компанияларини бир ерга жамлайди. Улар орасида энергетика, атом энергетикаси, энергия тежамкорлик, электр техника ускуналар, муқобил энергетика, кучланишли  электроника, иссиқлик энергетикаси ускуналари йўналишлари бор.

Бу ерда электр энергетика ва  электр тармоқлари генерацияланувчи қувватларини ривожлантириш соҳасидаги истиқболли лойиҳалар намойиш қилинади.

“Power Uzbekistan 2019” да дунёнинг Ўзбекистон,  АҚШ, Корея, Европа давлатлари, Хитой, Россия, Литва, Беларусь, Италия, Қозоғистон, Туркия, Украина каби 11 мамлакатидан 50 компания ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этади.

Таъкидлаш керакки, халқаро иштирокчиларнинг кўргазмага бўлган юқори даражада қизиқишига, энг аввало, Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар сабаб бўлмоқда.

Электр ва газ таъминоти тизимларини изчил равишда модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш, энергия тежамкорлик ва етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ учун ўзаро ҳисоблаш механизмларининг асосларини такомиллаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистонда энергетика тармоғини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, у мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, республиканинг ишбилармонлик фаоллиги ва инвестициявий жозибадорлиги, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

“OGU - Oil&Gas Uzbekistan 2019” халқаро кўргазмаси ва конференцияси анънавий равишда жаҳон нефть-газ бозори иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотади.

Йигирма учинчи маротаба ўтказилаётган бу галги кўргазма 20 дан зиёд мамлакатдан 100 дан ортиқ компанияни қамраб олади. Унда Австрия, Озарбайжон, Германия, Италия, Қозоғистон, Канада, ХХР, БАА, Корея Республикаси, Монако, Россия, Сингапур, Туркия, Украина, Швейцария, Ўзбекистан, Польша, АҚШ, Франция, Швейцария каби давлатлардан иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда.

Ушбу нуфузли кўргазма минтақадаги нефть-газ сектори асосий воқеалари учун халқаро платформадир. Шу боис OGU кўргазмаси ва  унинг доирасида ташкил этиладиган анжуман нафақат нефть ва газ қазиш соҳасида, балки ускуналарни ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш борасида кўплаб ҳамкорларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эгадир.

“OGU – 2019” халқаро конференцияси доирасида хорижий ҳамкорларга Ўзбекистон нефть-газ  секторида юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тақдим қилинади.

OGU кўргазмаси энг муҳим тематик бўлимларни, яъни геология ва геофизика, нефть ва газ қазиш, уларни транспортда ташиш ва сақлаш, нефть ва газни қайта ишлаш, нефть-кимё ва газкимё, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқаларни ўзида ифода этади.

Кўргазмалар доирасида Энергетика вазирлиги, “Ўзатом” агентлиги, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, инвесторлар, кўргазма иштирокчилари, конференция делегатлари иштирокида В2В ва В2G форматида учрашувлар уюштирилади.

Ҳозирги пайтда “Power Uzbekistan 2019” ва “OGU 2019” экспонентлари рўйхати янада кенгайиб бормоқда. Зеро, бу кўргазмалар қатнашчилар учун самарали музокаралар ўтказиш, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш борасида кенг имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг