Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида 1982-1983 йилларда қурилган «Чорсу» меҳмонхонасини бузиш ишлари бошланди.
Илгариги номланиши «Москва» бўлган бу меҳмонхона, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг «Чорсу» деб қайта номланган. Меҳмонхона 2000-йилларнинг бошларида ёпилган.
Минг ўринлик меҳмонхона 23 қаватдан иборат бўлиб, унинг биринчи икки қаватида ресторан, банкет зали ва маъмурий хоналар жойлашган эди.
Бино ўзгача меъморий ечимлар асосида қурилган бўлиб, унинг пастки қисми платформа кўринишида бўлган, баланд деворлари эса яқинда жойлашган Кўкалдош мадрасаси билан уйғунлашган.
2024 йил 2 ноябрда Тошкентда «Чорсу» майдонини қайта қуриш лойиҳаси тақдим этилган эди.
Лойиҳага кўра, меҳмонхона ўрнида янги меҳмонхона, бизнес-марказ ва турар-жой бинолари барпо этилади. Лойиҳани Германиянинг Tchoban Voss Architekten меъморлик компанияси ишлаб чиққан.
Қурилиш ишлари 2025 йилда бошланиб, 2029 йилгача давом этиши режалаштирилган.
170 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланиши мўлжалланган. Лойиҳа Ўзбекистон ва хорижий инвесторлар консорциуми томонидан амалга оширилади.