Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 20/04/2012 Тошкентда бизнес-форум ўтказилди
Тошкентда бизнес-форум ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- "Мустаҳкам оила йили” муносабати билан қабул қилинган умумдавлат дастурида мамлакатимиз тараққиётида, авваламбор, халқимиз учун муносиб ҳаёт барпо этиш, мураккаб ва масъулиятли вазифаларни амалга оширишда ҳал қилувчи ўрин ва таъсирга эга бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг бизнес лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Республика Марказий банки ташаббуси билан Бош Прокуратура, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Камолот” ЁИҲ, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, “Маҳалла” хайрия жамғармаси ва тижорат банклари билан ҳамкорликда мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилишни янада рағбатлантириш ҳамда яратилган кенг имкониятларни тарғиб қилиш мақсадида “Тадбиркорлик - мустаҳкам оила пойдевори” мавзуида анжуман ўтказилди.

Тадбир давомида мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда кичик бизнеснинг аҳамияти, ушбу соҳа тараққиёти учун яратилган имтиёзлар, аёллар тадбиркорлиги ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун банклар томонидан кредитлар ажратиш шартлари хусусида батафсил тушунтиришлар берилди.

Жорий йилда банклар томонидан барча молиялаш манбалари ҳисобидан соҳа субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга 4,5 трлн. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилиши режалаштирилган, уларнинг 843 млрд. сўмдан кўпроғини микрокредитлар ташкил этади.

Кредитлаш жараёнида асосий эътибор замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, аёллар ташаббусини қўллаб-қувватлаш, коллежлар битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини маблағ билан таъминлаш масалаларига қаратилмоқда.

Жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес режаларини имтиёзли шартлар асосида молиялаштиришга 28,3 млрд. сўмдан ортиқ, ишбилармон аёлларни қўллаб-қувватлашга эса 365 млрд. сўм миқдорида кредит ажратиш режалаштирилмоқда.

Шу йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар натижасида тижорат банклари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 1 трлн. 185 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробар кўп кредит маблағлари ажратди.

Шундан аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилган кредитлар 97,9 млрд. сўм, ўқув юртлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини маблағ билан таъминлашга 9,6 млрд сўм ажратилди ва бу кўрсаткичлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 ва 2,3 баробар бўлди.

Таъкидлаш ўринлики, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатимизнинг барча минтақаларида тадбиркорлик соҳаси вакиллари орасида ўтказилган социологик сўров натижалари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишини қўллаб-қувватлашда банк тизимининг ўрни, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг тизимга бўлган ишончи ортаётганини, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига мос ислоҳотларнинг амалга оширилишида ўз мавқеини тўлиқ эгаллаб олганини тасдиқлади.

Энг муҳими, респондентларнинг аксарияти банкларнинг устивор вазифалари, умумий фаолияти ҳақидаги сўровга “юқори” баҳо бериб, тадбиркорларнинг катта қисми банкларнинг кредитлаш фаолиятидан мамнун эканини билдирган. Шу билан бирга, сўров тижорат банкларининг таълим муассасалари, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларига имтиёзли микрокредитлар ажратиш, аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш фаолияти кенгайиб бораётганини кўрсатди.

Бизнес-форумда мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, ёшлар ва аёлларни тадбикорликка кенг жалб қилишда банк кредитларининг аҳамияти, тижорат банкларининг аёллар мавқеини ошириш борасида олиб бораётган ишлари бўйича фикр-мулоҳазалар юритилди.

Анжуманда тижорат банклари томонидан ўқув юртлари битирувчилари ва тадбиркор аёлларнинг энг яхши деб топилган 57 лойиҳа эгасига имтиёзли кредитлаш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди ва махсус совғалар билан тақдирланди.

Шу билан бирга тадбирда иштирок этган коллежлар кутубхоналари учун кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга, банк тизимини ислоҳ қилишга доир қонунчилик ҳужжатлари тўпламлари тақдим этилди.

Аҳолининг, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш ва аҳоли бандлигини оширишга хизмат қиладиган бу каби оммавий тадбирларни мамлакатимизнинг барча минтақаларида ўтказишга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг