Валюта курслари 27/06/2025
$1 – 12586.41
UZS – 0.44%
€1 – 14758.82
UZS – 1.52%
₽1 – 160.42
UZS – 0.38%
Қидириш
Ўзбекистон 28/06/2025 Тошкентда биринчи Ўзбекистон-Мўғулистон экспертлар форуми бўлиб ўтди

Тошкентда биринчи Ўзбекистон-Мўғулистон экспертлар форуми бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга илк давлат ташрифи якунларига бағишланган "Ўзбекистон ва Мўғулистон: ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари" мавзусида биринчи Ўзбекистон-Мўғулистон экспертлар форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда Мўғулистон Миллий хавфсизлик кенгаши Стратегик тадқиқотлар институте (СТИ) томонидан ташкил этилган онлайн тадбирда икки мамлакат дипломатик идоралари, етакчи таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ҳамда экспертлари иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази, Марказий Осиё халқаро институти, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Прогрессив ислоҳотлар маркази вакиллари иштирок этди.

Мўғулистон томонидан СТИ ва Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар халқаро таҳлилий маркази раҳбарлари ҳамда мутахассислари иштирок этишди.

Экспертлар мулоқоти Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги турли соҳалардаги узоқ муддатли муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашиш имконини берди.

СМТИ директор ўринбосари Бахтиёр Мустафоев тадбирни очар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга биринчи давлат ташрифи ортидан ўтказилаётган форумнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, бу воқеа икки томонлама муносабатлар тарихида ғоят муваффақиятли бўлди ва барча кутилган натижаларни тўла оқлади.

B.Mustafoyev таъкидлашича, Улан-Батордаги музокараларнинг асосий натижаси икки томонлама муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиққан Қўшма декларациянинг имзоланиши бўлди. "Бу ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо янги даражага ўтганидан далолат беради", - деди СМТИ вакили.

Ушбу фикрни тўлиқ қўллаб-қувватлаган Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Батбаатар Дааданху Ўзбекистон етакчисининг ташрифини икки томонлама муносабатларда янги даврни бошлаб берган бурилиш нуқтаси деб атади.

Унинг фикрича, ҳар икки мамлакатнинг ҳар томонлама ҳамкорликка интилиши 15 дан ортиқ битим ва протоколларнинг имзоланиши билан яққол тасдиқланди, бу эса юқори даражадаги сиёсий ишончни акс эттиради. Дипломатнинг қўшимча қилишича, Мўғулистонда Ўзбекистон элчихонасининг очилиши барча даражадаги алоқаларни фаоллаштириш учун мустаҳкам асос бўлади.

СТИ маркази раҳбари Соёлгерел Нямжав икки мамлакатнинг географик узоқлигига қарамай, иқтисодий алоқалар фаол ривожланаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда Улан-Баторда Ўзбекистон Савдо марказининг очилиши савдо ҳажмини сезиларли даражада оширишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, эксперт Ўзбекистон - Қирғизистон - Хитой - Мўғулистон йўналиши бўйича автомобиль йўлагининг пилот лойиҳасини юқори баҳолади. Унинг фикрича, бу нафақат экспорт имкониятларини кенгайтиради, балки Марказий ва Шимоли-Шарқий Осиёнинг иқтисодий алоқасини мустаҳкамлаб, янги логистика имкониятларини шакллантиради.

СТИ эксперти Дашхуу Батмунх Ўзбекистоннинг тез суръатлар билан ривожланаётган иқтисодиёти, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратаётганини мамнуният билан таъкидлади.

Таҳлилчи томонлар жун, терини қайта ишлаш ва ҳалол гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма чорвачилик комплексларини ташкил этиш учун улкан салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади.

Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро таҳлилий марказ тадқиқотчиси Гончигзевег Энҳзул Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлиги стратегик аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб, ҳар икки давлатнинг денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти йўқлигига эътибор қаратди.

Шу нуқтайи назардан, у "АКТ, энергетика ва транспорт инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш орқали Ўзбекистоннинг Шимолий ва Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш" лойиҳасини амалга ошириш ва 2025 йил сентябрь ойида Тошкент ҳамда Улан-Батор ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйилишини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, ушбу ташаббуслар логистика занжирларини кенгайтириш, иқтисодий интеграцияни жадаллаштириш ва икки давлат ўртасидаги ўзаро боғлиқлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Маданий-гуманитар алоқалар хусусида фикр билдирган СТИ эксперти Даваажанстан Буянделгер, тарихий алоқалар келажакдаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратганини таъкидлади. У Ўзбекистон Президентига мўғулистонлик талабаларга ўқиш учун квоталар ажратгани учун миннатдорчилик билдирди. Бу ташаббус Мўғулистон ёшларига мамлакат тараққиёти учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича сифатли таълим олиш имкониятини яратишини алоҳида таъкидлади.

Умуман олганда, форум иштирокчилари Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга ташрифи икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланиши учун мустаҳкам замин яратганини эътироф этдилар. Томонлар эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини излаш учун экспертлар мулоқотини давом эттириш муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг