Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 22/05/2019 Тошкент вилоятининг узоқ муддатли кредит салоҳиятини белгиловчи рейтинги тайинланди
Toshkent viloyatining uzoq muddatli kredit salohiyatini belgilovchi reytingi tayinlandi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – "STANDART and POOR’S" халқаро рейтинг агентлиги томонидан Тошкент вилоятининг узоқ муддатли кредит салоҳиятини белгиловчи рейтинги тайинланди.

Хорижий инвесторларни юртимизга кенг жалб этиш, уларга қулай шарт-шароит яратиш иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири саналади. Албатта, хорижий инвесторлар сизнинг таклифингизга ҳа, деганда кўниб, чопиб келавермайди. Ҳар бир инвестор ўзи инвестиция киритишни режалаштирган давлатнинг инвестицион муҳити, у ерда яратилган шароит, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, иқтисодий-ижтимоий вазият ҳақида билишни хоҳлайди. Бу борада инвесторларга қулайлик яратиш мақсадида дунёнинг бир қатор халқаро рейтинг агентликлари томонидан давлатларнинг ҳақиқий иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларига холисона баҳо бериб борилмоқда.

Жумладан, S&P Global ratings агентлиги дунёнинг 128 мамлакатида таҳлил олиб боради. 150 йиллик тарихга эга ушбу халқаро рейтинг ташкилотининг жаҳондаги ҳар бир давлатда ўз таҳлилчилари бор. Улар мамлакатлар ва минтақаларнинг иқтисодий салоҳияти, кредит бериш қобилиятини ўрганади ва доимий равишда баҳолаб боради.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур халқаро агентлик томонидан вилоят рейтинги тайинланишида Россиянинг «Газпромбанк» акциядорлик компанияси консултантив ёрдам кўрсатган. Халқаро агентлик томонидан вилоятга «BB-» рейтинги берилган, прогноз «Барқарор».

Мазкур халқаро рейтинг агентлиги таҳлилчилари томонидан тақдим этилган хулосада вилоятнинг рейтинг кўрсаткичлари республика рейтинг кўрсаткичлари билан мувофиқлиги, вилоятдаги мавжуд молиявий барқарорлик, келгуси уч йилликда вилоят бюджети профицит билан ижро этилиши ҳамда вилоятдаги иқтисодий-ижтимоий ва ликвидлик кўрсаткичлари юқорилигича қолиши қайд этилган.

Миллий иқтисодиётнинг жаҳон иқтисодиёти глобаллашуви жараёнидаги ўрнини мустаҳкамлаш, дунё бозорида кузатилаётган ўзгарувчан конъюнктурани инобатга олган ҳолда ҳар бир ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясини белгилаш, етакчи тармоқ ва соҳаларни жадал ривожлантириш ва модернизация қилишни талаб этмоқда.

Бу борада Тошкент вилоятида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятни кейинги 3 йилликда комплекс ривожлантириш ва барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатини таъминлаш мақсадида 2019-2021 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ялпи ҳудудий маҳсулот таркибий йўналишларини барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, саноатнинг етакчи тармоқларини жадал ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, хизмат кўрсатиш ва туризм индустрияси, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб равишда ривожлантириш, ижтимоий соҳада аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш билан узвий боғлиқ ҳолда олдиндан барпо этиш ва модернизация қилишга устувор аҳамият берилади.

Мазкур йилларда асосий иқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўсиш тенденцияси сақланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиш суръатлари таъминланади. Хусусан, 2018 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиш суръати 106,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 106,7 фоизни, 2020 ва 2021 йилларда 107,3 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Мухтасар айтганда, ЯҲМ 2018 йилдаги 38 триллион 398 миллиард сўмдан 2021 йилга бориб 63 триллион 285 миллиард сўмга етишини кузатиш мумкин бўлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг