Тошкент вилоятида ЙҲХХ хизмат машинаси иштирокида иккита йўл транспорт ҳодисаси рўй берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 июль куни ижтимоий тармоқларда ЙҲХХ ходимлари хизмат автомобили иштирокида жиддий йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат бўйича Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси расмий изоҳ берди.
Расмий маълумотларга кўра, тахминан соат 05:00 ларда Тошкент-Ўш йўналишидаги А373 автомобиль йўлининг 39-километрида, Оҳангарон тумани ҳудудида икки марта ЙТҲ содир бўлган. Аввало, «Gentra» ва «Cobalt» русумли енгил автомобиллар тўқнашиб кетган. Яхшики, бу тўқнашув оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойга "Lasetti" русумли хизмат автомобилида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари етиб боришган ва йўл-транспорт ҳодисасини расмийлаштириш ва ушбу жойда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида патрул автомобилини маёқчаларини ёқган ҳолда қатнов қисмининг ўнг бўлагига жойлаштиришган.
Шундан сўнг, ҳайдовчи 2001 йилда туғилган Р,А "HOWO" русумли юк автомобилини "Тошкент-Олмалиқ" йўналишида бошқариб келиб, тажрибасизлиги ҳамда эътиборсизлиги натижасида "Lasetti" русумли патрул автомобилини ён қисмига бориб урилиши натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Айни вақтда мазкур воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.