Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятининг Белдерсой ҳудудида янги туристик мажмуа қурилиши бошланди, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги.
2023 йилда объектнинг мулкдорига айланган Ulkan Mulk компанияси эски иншоотларни бузиш ишларини бошлади. Уларнинг ўрнида 100 гектар майдонда тоғ ва соғломлаштириш туризмига мўлжалланган бир қатор объектларни қуриш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида 2,5 километрли канат йўли, шунингдек, спорт майдони, очиқ ва ёпиқ бассейнларга эга 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган. Қурилишнинг биринчи босқичида 4,5 миллион доллар сармоя киритилиши режалаштирилган.
Бостанлиқ туманидаги «Белдерсой» дам олиш зонасини сотиш жараёни 2021 йил март ойида бошланган. Илгари мамлакатнинг биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган объект, спорт базаси ва канат йўли билан харидорларга таклиф этилган.
Сотув жараёнига аризалар келиб тушмагани сабабли жараён бир неча марта кечиктирилган, 2021 йил октябр ойига келиб эса илк таклифлар қабул қилинган. 2023 йил январ ойида Давлат тендер комиссияси Ulkan Mulk компаниясини ғолиб деб топди. Компания объект учун 107 миллиард сўм таклиф қилган.