Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Юртимиз шифокорлари хорижлик етакчи мутахассислар билан ҳамкорликда аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган қатор тадбирларни амалга оширмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий давоми сифатида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида исроиллик мутахассислар иштирокида юқори технологиялар асосида "Жонли жарроҳлик амалиёти" ҳамда "Глаукома касаллиги диагностикаси ва даволаш муаммоларини ҳал қилишда замонавий ёндашув" мавзуида республика офтальмологларининг илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди дея хабар бермоқда ЎзА.
Унда исроиллик малакали тиббиёт ходимларининг мавзуга доир фикр-мулоҳазалари тингланди. Шунингдек, халқаро амалиётда қўлланилаётган инновацион технологиялар ёрдамида даволаш мумкин бўлган кўз касалликлари, хусусан глаукома касаллигига тўғри ташхис қўйиш ҳамда жарроҳлик амалиётини ўтказиш борасида билимлар билан ўртоқлашилди.
Маълумот учун, айни кунларда мамлакатимизда бўлиб турган Исроил делегацияси билан Инновацион ривожланиш вазирлигида учрашув ташкил этилган эди. Унда бир қатор соҳалар, шунингдек, тиббиёт соҳасида ҳам қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир келишувларга эришилди.
Учрашувда Тошкент давлат стоматология институти ва Исроил стоматология институти талабалар алмашинувини ташкил этиш, жумладан, исроиллик 10 нафар талаба Тошкентда, ўзбекистонлик 10 нафар талаба эса Исроилда билим олиб, тажриба орттириши мумкинлиги ҳақида таклифлар берилди.