Валюта курслари 24/01/2025
$1 – 12979.13
UZS – -0.08%
€1 – 13513.87
UZS – -0.42%
₽1 – 131.22
UZS – -0.49%
Қидириш
Иқтисод 23/01/2025 Тошкент ва Андижон ўртасидаги пулли автомобиль йўлининг биринчи босқичи қурилиши бўйича тендер эълон қилинди

Тошкент ва Андижон ўртасидаги пулли автомобиль йўлининг биринчи босқичи қурилиши бўйича тендер эълон қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитаси  орқали “Тошкент–Андижон” (1-босқич)  пулли автомобиль йўлини давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш лойиҳасини (“Лойиҳа”) амалга оширишни режалаштирмоқда.

Лойиҳанинг 1-босқичи умумий узунлиги  171 кмни ташкил этиб, Тошкентдан Ангренгача бўлган автомобиль йўли ва Қамчиқ довонини лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олади. Лойиҳа концепцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025 йил 21 январда тасдиқланди.

Жаҳон банки кўмагида “Arup and Partner’s” (Буюк Британия), “PWC” ва “CMS Cameron” (Буюк Британия) консультантлар консорциуми Ҳукумат томонидан хусусий шерикни танлашга ёрдам бериш учун Лойиҳанинг маслаҳатчиси сифатида жалб қилинган.

Ҳукумат тендерда ғолиб бўлган иштирокчини танлов асосида танлаш ва узоқ муддатли ДХШ битимини имзолашни режалаштирмоқда. Тендер ДХШ тўғрисидаги Қонунга мувофиқ икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқичда хусусий компаниялар дастлабки малакалашдан ўтиш учун ҳужжатларини топширади. Иккинчи босқичда дастлабки саралашдан ўтган компаниялар Лойиҳа бўйича техник ва молиявий таклифларини тақдим этадилар.

Автомобиль йўллари қўмитаси йўл қурилиш соҳасида ДХШ лойиҳаларида тажрибага эга бўлган барча қизиқувчиларни 2025 йил 21 апрель куни, Тошкент вақти билан соат 18:00га қадар дастлабки малакани саралаш босқичи учун ҳужжатларини топширишга таклиф этади.

Ариза топшириш бўйича кўрсатмалар ва малака талаблари ҳақида батафсил маълумот олиш учун дастлабки малака сўров (RFQ) ҳужжатига мурожаат қилинг. RFQ ҳужжати ушбу саҳифанинг охирида илова қилинади ва сўров бўйича ҳам жўнатилиши мумкин.

Лойиҳа маълумотлар базасига кириш (VDR), дастлабки малака ҳужжатларини топшириш ҳамда Лойиҳа ва RFQ бўйича ҳар қандай аниқлик киритиш учун қуйидаги алоқа маълумотлари орқали “Автомобиль йўллари қўмитаси” ва “Arup and Partner’s” (Бюк Британия), “PWC” (Ўзбекистон) ва “CMS Cameron” (Бюк Британия) консультантлар консорциуми билан боғланинг.

Тошкент – Андижон тўловли автомобиль йўлини яратиш ғояси 2019 йилдан бошлаб муҳокама қилинаётган эди. Лойиҳа доирасида Камчик ўтказиш нуқтасида янги тоннель қурилиши назарда тутилган. Илгари ДХШ ривожлантириш агентлиги ушбу йўлда йўловчи автомобили билан сафар ҳақи $5–6 орасида бўлишини баҳолаган эди.

Янги маълумотларга кўра, лойиҳа нархи 2023 йилгача қайта ҳисобланганида $4,28 миллиардни ташкил этади. Транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев ТМИФ-2024 форумида лойиҳани амалга ошириш тахминан олти йил вақт олиши мумкинлигини қайд этди.

Автомобиль йўлини қуриш уч босқичда амалга оширилади: биринчи босқич — Тошкент – Ангрен (78 км), иккинчи босқич — Ангрен – Пап (93 км), учинчи босқич — Пап – Андижон (143 км).

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг