Валюта курслари 26/09/2024
$1 – 12757.65
UZS – 0.02%
€1 – 14268.16
UZS – 0.46%
₽1 – 138.05
UZS – 0.61%
Қидириш
Ўзбекистон 21/07/2017 Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 20-21 июль кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT)га 2017-2018 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Мазкур имтиҳонларда 1,4 минг нафарга яқин абитуриентлар иштирок этишди.

Қайд этамиз, IUTга ҳужжатларни қабул қилиш 2017 йилнинг 17 апрелидан 10 июлига қадар давом этди. Абитуриентлар ҳужжатларини онлайн режимида ёки университет биносига келиб топширишлари мумкин эди.

Ёшларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишнинг янги онлайн тизимини ишлаб чиқди. Мазкур тизим вилоятлардаги абитуриентларга Тошкентга келиб ўтирмасдан, ҳужжат топшириш имконини яратди. Бундан ташқари абитуриентлар СМС-хабарнома орқали қабул жараёнидаги барча янгиликлардан бохабар бўлиб туришди.

Мазкур вақт оралиғида IUTга 2490 нафар абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиб, улардан фақат 1358 нафаригина барча талабларга тўлиқ жавоб беришди. Абитуриентларнинг 920 нафари «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналиши бўйича ўқиш истагини билдиришган бўлса, 438 нафари «Логистика» йўналишини танлашди.

2017-2018 ўқув йилида IUT 400 нафар талабани қабул қилишни режалаштирган бўлиб, уларнинг 300 нафари «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналишига ҳамда 100 нафари «Логистика» йўналишига қабул қилинади.

Бунда яна шуни қайд этамизки, ҳозирнинг ўзида 42 нафар абитуриентлар 2017 йилнинг 20 июнь куни бўлиб ўтган IUT нинг Тайёрлов курслари якуний имтиҳонлари натижасига кўра Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабаларига айланишди. Уларнинг 34 нафари «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналишига ҳамда 8 нафари «Логистика» йўналишига қабул қилинди. Шунингдек, улар грант ўринларини эгаллаш учун кириш имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эга эдилар.

Ўтган йили ҳужжат топширган абитуриентларнинг умумий сони 1,43 минг нафарни ташкил этган бўлиб, талабалар учун ажратилган квота 330 та эди.

IUTга кириш имтиҳонлари аввалги йиллардаги каби бу йил ҳам Тошкентдаги «Ўзкўргазмасавдо» АЖ биносида бўлиб ўтди. Имтиҳонлар «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналиши ҳамда «Логистика» йўналиши абитуриентлари учун алоҳида-алоҳида ўтказилди. «Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналиши бўйича имтиҳонлар 2017 йилнинг 20 июль куни, «Логистика» йўналиши бўйича имтиҳонлар 2017 йилнинг 21 июль куни бўлиб ўтди.

«Компьютер ва дастурий инжиниринг» йўналиши бўйича имтиҳонда иштирок этган абитуриентлар математика ва физика фанларидан, «Логистика» йўналиши бўйича имтиҳонда иштирок этадиган абитуриентлар эса математика фанидан имтиҳон топширишди.

Қайд этамиз, барча имтиҳон саволлари Корея Республикасидаги Инҳа университети профессорлари томонидан тайёрланган бўлиб, саволномалар Корея Республикасидан ёпиқ конвертларда келтирилди ҳамда бевосита имтиҳон олинаётган залда кореялик экспертлар томонидан очилди ва абитуриентларга тарқатилди.

Кириш имтиҳонларини ўтказиш жараёнини оптималлаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети кириш имтиҳонларига OMR Card System (оптик белгиларни таниш) тизимини жорий этди. Ушбу тизимдан илк бор 2017-2018 ўқув йили кириш имтиҳонларида фойдаланилди. Мазкур тизим имтиҳон варақаларини баҳолаш жараёнининг самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш мақсадида жорий этилди.

Имтиҳонлар якунланиши билан абитуриентларнинг жавоблари ўрин олган барча саволномаларни кореялар мутахассислар йиғиб олишди ва баҳолаш учун ўзлари билан Корея Республикасига олиб кетишади. Имтиҳон натижалари 2017 йилнинг 9 август куни эълон қилинади.

Шунингдек, хоҳлаганлар IUT кириш имтиҳонларини live.inha.uz саҳифаси орқали кузатиш имкониятига эга бўлишди. Ўтган йилдан бери амалга оширилаётган мазкур лойиҳа “East Telecom” ва “Real Solutions” компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилди. “East Telecom” компанияси лойиҳани амалга ошириш учун интернет каналини тақдим этган бўлса, “Real Solutions” компанияси видео стримингни ташкил этишда кўмак берди.

Саҳифа TAS-IX ҳудудида жойлашганлиги сабабли, видео оқимнинг юкланишдаги тезлигини таъминланди. Кўпгина интернет-провайдерлар TAS-IX даги трафикларга ҳақ олмагани учун, фойдаланувчиларнинг маблағлари ҳам тежалди.

Шунингдек, IUTнинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги https://www.facebook.com/inha.uz расмий саҳифаси орқали кириш имтиҳонларининг видео-стриминги ташкил этилди.

Бу йил кириш имтиҳонлари жараёнларини бевосита кузатишлари учун оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди ва улар учун тўлиқ имконият яратилди. Бу эса ўтказилаётган имтиҳонларнинг шаффофлиги ҳамда очиқлигини оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан намойиш этилишига хизмат қилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг