Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Технологиялар 12/05/2017 Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “IUT Embedded Systems Design Exhibition 2017” кўргазмаси ўтказилди
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “IUT Embedded Systems Design Exhibition 2017” кўргазмаси ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 11 май куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT)да “IUT Embedded Systems Design Exhibition 2017” кўргазмаси ўтказилди ҳамда унинг доирасида талабаларнинг турли инновацион ишланмалари ва ечимлари намойиш этилди.

Кўргазма Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг профессори Ирфан уд Дин ҳамда учинчи босқич талабалари иштирокида ташкил этилди.

IUT профессори Ирфан уд Дин учинчи босқич талабаларига “Embedded system”, яъни уйғунлантирилган тизим (ихтисослаштирилган микропроцессорли бошқарув тизими) фанидан сабоқ беради. Уйғунлаштирилган тизим - ихтисослаштирилган микропроцессорли бошқарув, назорат ва мониторинг тизими бўлиб, у бевосита ўзи бошқараётган мосламага жойлаштирилади ва шу ҳолда ишлайди. Дарс жараёнида университет талабалари турли ишланмалар ва ечимларни ишлаб чиқариш тўғрисидаги билимларни олишди.

Кўргазма иштирокчилари 30 та лойиҳани тақдим этишди. Лойиҳалар орасида “Ақлли уй”, “Ақлли синф”, “Ақлли тўхташ жойи”, “Йўлларда ҳаракатланишни бошқариш“ ва ўйинлар каби йўналишлар бўйича ишланмалар бор эди.

“Ақлли синф” йўналиши бўйича талабалар синф ва давоматни бошқариш ҳамда синф тахтасини тозалаш тизими бўйича лойиҳаларни тақдим этишди. Ташриф буюрувчилар, шунингдек, девайслар ва кондиционерлар ҳамда бошқа нарсаларни бошқаришни ўз ичига олган “Ақлли уй” тизимлари билан танишиш имконига эга бўлишди.

Талабаларнинг ишларини IUT профессорлари баҳолашди. Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Фарҳоджон Абдуқодиров ва Нуриддин Қодировлардан иборат “Picasso” жамоаси электрон мусаввир (Electronic painter) лойиҳаси билан биринчи ўринни эгаллади.

Неъматжон Нарзиев ва Алина Лянлардан иборат “Innovators” жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Улар автомобилларнинг тўхташ жойини электрон бошқариш (iParking system) лойиҳасини тақдим этишди.

Азиз Сияев, Юлдуз Ходжаева ва Абдуғани Темирбоевлардан иборат “Pinaple” жамоаси ўзларининг “CaravaN” лойиҳаси билан фахрли учинчи ўринни банд этишди. Улар турли хилдаги буюмларни ташишга кўмаклашадиган электрон арава лойиҳасини тақдим этишди.

IUT профессори Ирфан уд Диннинг қайд этишича, ҳакамлар томонидан ғолибларни аниқлаш анчагина қийин кечган, сабаби талабалар томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг барчаси жуда қизиқарли ҳамда ғолибликка муносиб эди. “Менинг фикримча мазкур кўргазмада иштирок этган барча талабалар ғолибдирлар. Бу ерда ютказганлар йўқ. Мазкур кўргазма шуни кўрсатдики, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида таълим бериш юқори даражада ташкил этилган”.

Қайд этиш лозимки, мазкур кўргазма “X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси” ўтказилаётган кунда бўлиб ўтди, ҳамда уларнинг умумий мақсади мутахассисларнинг ташаббуслари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашдан иборат эди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг