Валюта курслари 20/12/2024
$1 – 12875.06
UZS – 0.1%
€1 – 13406.80
UZS – -0.67%
₽1 – 124.75
UZS – -0.57%
Қидириш
Ўзбекистон 14/04/2012 Тошкент шаҳрида зкопарк очилди
Тошкент шаҳрида зкопарк очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Азим шаҳримизнинг сўлим ва баҳаво гўшалари сони яна биттага кўпайди. Гулнора Каримованинг муаллифлик лойиҳаси — Фонд Форум томонидан “Мицубиси Корпорейшн” компанияси кўмаги остида қурилган илк экологик боғнинг тантанали очилиш маросими 7 апрель куни бўлиб ўтди.

Ҳар қандай экологик лойиҳани барпо этишда табиий заҳираларни тежаш мақсадида иккиламчи хом-ашёлардан фойдаланилади. Бироқ автомобиль шиналари, баклажкалар ва эски металл трубалар болалар кўнгилочар маърифий боғининг меъморий ечимида қандай қилиб ўз ифодасини топиши, аттракцион ва турли инсталляцияларда қайта “ҳаёти”ни давом эттириши мумкинлиги кишининг ўйлантирарди. Боғ ўзининг илк меҳмонларини қарши олган кунда барча гумону шак-шубҳалар тутундек тарқалиб кетди. Барчанинг кўзини қувонтириб, ям-яшил сайлгоҳ қад ростлади. 8 апрелдан экобоғ барча учун бепул хизмат кўрсатади.

Очилиш маросимининг биринчи кисми боғга кираверишда бошланди. Экобоғ ҳудудида очилиш маросимига тайёргарлик ишлари буткул ниҳоялангунга қадар ўзбек эстрада юлдузлари меҳмонларнинг кўнглини чоғлашди. Лойиҳа муаллифи – Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси профессор Гулнора Каримова, “Мицубиси Корпорейшн” компаниясининг Тошкентдаги ваколатхонаси директори Кенжи Ито, ҳайкалтарош, экобоғни бунёд этиш ишчи гуруҳи аъзоси Марина Бородина тадбирда сўзга чиқиб, маданият ва санъат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, жамоат ташкилотлари, ижодкор ва фаол ёшлар, талабалар, ўқувчилар, болалар ва уларнинг ота-оналари – барча иштирокчи ва меҳмонларни табриклашди. Расмий қисмдан сўнг меҳмонлар экобоққа йўл олишди.

Кенжи Ито, “Мицубиси Корпорейшн” компаниясининг Тошкентнинг ваколатхонаси директори :

- Биз Фонд Форум билан 2008 йилдан бери маданият, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Экобоғ – бизнинг ҳамкорликдаги учинчи лойиҳамиз. Фонд Форумнинг бу ноёб лойиҳасини қўллаб-қувватлаётганимиздан хурсандмиз. Бугун очилиш маросимига кўп меҳмон келди. Уларнинг боғдан кўнгли тўлди, деган умиддаман. Ўзига хос ғояни исталганидек ҳаётга тадбиқ эта олдик, деб ўйлайман. Мазкур экобоғ янада ривожланиб, унга келувчилар сони ортишига ишонаман.

Экобоғ меҳмонлари Googooshaнинг янги “Round Run” қўшиғини тинглашди, ёшлар эса рақсли флешмоб ташкил этишди.

Скейтбордистлар, роллер ва велосипедчилар учун махсус майдонда тошкентлик скейтбордистлар, роллерлар, велосипедчиларнинг чиқишлари йиғилганларни ҳайратга солмай қолмади. Ушбу майдон махсус конструкциялар: фанбоксамлар, кватр-пайп, горка ва рейллар билан безатилган. Деворлардаги экология мавзусига оид граффити ёзувлари экобоғнинг замонавий кўркига кўрк бағишлади.

Кўркам ҳиёбон барпо этиш мақсадида бўлиб ўтган “Кўчат ўтказ” акцияси доирасида эса эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари, актёрлар, шифокорлар, спортчилар, фаол ёшлар ва болалар 60та настарин кўчатлари, ниҳоллар ўтказишди. Жумладан, Гулнора Каримова “меҳр-муҳаббат дарахти”, халқ артисти Муножат Йўлчиева “оила дарахти”, Успенский номидаги РИМАЛ директори Дилдора Жамолова “илҳом дарахти”, шифокорлар “саломатлик дарахти”, “омад дарахти” ва бошқа кўплаб кўчатларни экишди.

Боғ айниқса, болажонларимизга қувонч улашди. Жажжи меҳмонлар зумда асфальт йўлакларни турли расмлар билан безашга тушишди. Рангли қаламларда чизилган суратлар барчанинг эътиборни тортди. Шахмат тахталари ёнида ўз кучини синаб кўрмоқчилар навбатга туришди.

Турли қизиқарли ва ғаройиб инсталляция-аттракционлар барча ёш вакилларининг эътиборини тортди. Булар: металл трубалардан ишланган икки метрли ўргимчакнинг оёқлари арқон билан тортилган; пластик баклажкалардан барпо этилган зинали горка, боққа кираверишда баклажкалардан бунёд этилган фаввора, ўсимликдан бунёд этилган яшил лабиринг; оддий ўриндиқлар ўрнига автомобиль шиналаридан фойдаланилган арғимчоқлар, қумдон йўлаги ёғочдан ясалган; автомбиль шиналаридан бунёд этилган йўлаклар, сакраш учун турли рангли қоплар.

Бир вақтнинг боғ марказидаги ўзида тасвирий санъат ва кулолчилик студияларида иш қизғин давом этарди. Қадимий ҳунармандчилик устахонасида болалар ҳайкалтарош ва рассомлар бошчилигида лойдан турли буюмлар, шакллар ясаб, суратлар чизишарди.

Дарҳақиқат, бугунги ҳайрли кун барча меҳмонларнинг ҳотирасиида бир умрга илиқ таасуротлар ила муҳрланадиган бўлди. Пойтахтимиз аҳли ва меҳмонларини очиқ ҳавода сайр қилишлари, вақтларини оила ва яқин дўстлари даврасида мароқли ўтказишлари учун янги экологик боғга таклиф этамиз. Шунингдек, ушбу боғда турли хил тадбирлар, спорт ўйинлари, қизиқарли танловлар, ҳайрия акцияларини ташкил этиш ҳам мумкин.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг