Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ҳамкорлигида пойтахтимизда Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур марказ фаолияти маҳаллий тадбиркорлар ва чет эллик инвесторларнинг инвестиция фаолияти ҳамда уларнинг лойиҳаларини молиялаштиришга кўмаклашишга қаратилган бўлиб, у Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018-йил 21-декабр куни Тошкент шаҳри туманларига ташрифлари давомида белгилаб берган вазифаларига кўра йўлга қўйилди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 23-январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳамда Марказий банк томонидан Тижорат банкларининг 2019-йилда инвестиция фаолиятини жадаллаштиришга қаратилган “йўл харитаси” тасдиқланди.
“Йўл харитаси”да тижорат банкларида Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш марказларини ташкил этиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.
Марказда хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилиб, бизнес режалар, техник иқтисодий асосланишларни ишлаб чиқишда, молиялаштириш механизмлари ва манбаларини аниқлашда ёрдам кўрсатади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Ўзсаноатқурилишбанк” тизимида бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига жами 960 млн. долл. бўлган 19 турдаги чет эл кредит линиялари таклиф қилинмоқда. Жумладан, Европа Иттифоқи давлатлари, Корея Республикаси, Туркия, Хитой, Россия ва бошқа давлатлардан технологик ускуна ва махсус техникалар харидини молиялаштириш бўйича кредит линиялари, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларини тўлдириш ҳамда чет элдан товар ва хизматлар импортини молиялаштириш мақсадида савдони молиялаштириш йўналишида хорижий кредит линиялари жалб қилинган.
Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш марказининг асосий вазифаларидан яна бири – чет эллик инвесторларга ўзлари учун ҳар томонлама мақбул бўлган лойиҳаларни танлашга ва уларга тўғридан-тўғри инвестицияларни киритишга кўмаклашиш ҳисобланади.
Шунингдек, марказ тадбиркорлар ҳамда инвесторларга лойиҳа самарадорлигини оширишда юзага келадиган муаммоларни маҳаллий ҳокимликлар, тегишли идоралар билан биргаликда ҳал этилишига ҳам ёрдам беради.
Бу борада марказ ходимлари мунтазам равишда жойларларга чиққан ҳолда ҳудудларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган лойиҳа ташаббускорларини аниқлаш ва уларнинг инвестицион лойиҳаларини хорижий кредит линиялари ҳисобидан молиялаштиришга кўмаклашади. Бунинг учун ходимларнинг билим ва малакаси хорижлик экспертлар кўмагида ошириб борилади.
Бундан ташқари, хорижий инвесторларни Ўзбекистонга янада кенгроқ жалб этиш мақсадида “Ўзсаноатқурилишбанк” расмий сайтида (uzpsb.uz) “Invitation page” саҳифаси ташкил қилинмоқда. Мазкур саҳифа республикамизга қизиқиш билдирган хорижий сармоядорларга тайёр инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқишлари ва танлаб олишлари учун қулайлик яратади.
Манба: “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ахборот хизмати.