Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан Тошкент шаҳри аҳолисининг йўллардаги тирбандликка муносабати ўрганилди.
Тирбандликлар жаҳондаги аксарият йирик шаҳарлар учун катта муаммога айланиб улгурган. Инрих маълумотларига кўра, тирбандлик туфайли Лондонда битта ҳайдовчи йилига ўртача 156 соат, Чикагода 155 соат, Парижда 138 соат ортиқча вақт сарфлайди.
Тирбандлик Тошкентда ҳам жиддий муаммо. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022-йилда Тошкент шаҳри ҳудудида жисмоний шахсларга тегишли автомашиналар сони 562,1 мингтани ташкил этган ва доимий яшовчи ҳар 1 000 кишига 178 та автомобил тўғри келган.
Тадқиқот давомида Тошкент шаҳри аҳолисининг тирбандликка муносабати ва уни камайтириш бўйича таклифларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўров ташкил этилди. Унда жами 891 киши иштирок этди. Иштирокчиларнинг 60,8% и автомобил ҳайдовчилари ташкил этди. Шундан 10,3% и аёллардир.
Сўров натижасида қуйидагилар аниқланди:
1. Автомобил бошқармаслигини таъкидлаган иштирокчиларнинг 41,8% и автобус, 27,5% и метро, 24,1% и такси, 1,7% и микроавтобус хизматидан фойдаланишини ва 4,9% и пиёда юришини билдирган. Жамоат транспортидан кўпроқ аёллар (33,1%) ва ёшлар (36,5%), шахсий транспортдан эркаклар (33,1%) фойдаланиши маълум бўлди.
2. Сўровда иштирок этган пойтахт аҳолисининг 74% и тирбандликни асосий муаммолардан бири, 21% и ўрта даражадаги муаммо ва 5% и бошқа муаммолар қаторида унчалик муҳим эмас, деб ҳисоблашини билдирган.
3. Тирбандликдан автобус ва микроавтобус йўловчилари бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекмоқда. Шу боис автобусдан фойдаланувчиларнинг 82,9% и, микроавтобус йўловчиларининг 83,3% и тирбандликни пойтахтнинг асосий муаммоларидан бири сифатида қайд этган.
4. Сўровда қатнашганларнинг 62,2% и тартибсиз ҳайдовчилар, қоидабузарликлар, нотўғри парковка, 57,6% и йўллардаги носозликлар, 46,8% и ўқишга қатновчилар ҳамда 41,2% и ишга қатновчилар туфайли фаолликнинг ортишини тирбандликни келтириб чиқарувчи асосий сабаблар сифатида қайд этган.
5. Респондентлар биринчи ўринда кичик ҳалқа йўлидаги чорраҳаларни (136 маротаба), Бунёдкор шоҳ кўчасидаги чорраҳаларни
(106 маротаба) тартибга келтириш лозимлигини қайд этган.
6. Сўров иштирокчиларининг 41,8% и тирбандлик туфайли йўл учун кўпроқ вақт режалаштиришини,
39,1% и тирбандлик йўқ йўллардан юришини, 16,9% и тирбандлик камайишини кутишини айтган.
Билдирган фикрлар орасида жамоат транспорти (автобуслар) учун инфратузилмаларни яхшилаш, парковкаларни тўғри шакллантириш, кўпқаватли автотураргоҳлар, пиёдалар учун ерости ўтиш йўллари ва кўприклар қуриш, метро линияларини кенгайтириш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, рақамли бошқарувга ўтиш каби таклифлар кўп учрайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 16-февралдаги қарори ҳам жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилишни кўзда тутади. Унга асосан, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун табиий газ воситасида ҳаракатланувчи 700 дона автобус ва 300 дона электробус харид қилиш белгиланган. Жорий йилнинг март ойи якунига қадар Хитойдан 110 дона автобус ва 150 дона электробус етказиб берилиши кутилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар тирбандлик муаммосини ҳал этишда ёрдам бериши билан бир қаторда пойтахтдаги экологик вазият учун ҳам ижобий аҳамиятга эга.