Тошкент ҳокими ва Туркия элчиси ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ташаббусларни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор Элчиси Олган Бекар билан учрашди.
Шавкат Умурзаков ўзбек-турк муносабатлари жадал ривожланаётганини, бу, шубҳасиз, давлатларимиз раҳбарлари асос солган стратегик ҳамкорлик маҳсули эканлигини таъкидлади. Ҳамда бунда турк дипломатик корпусининг ҳам хизмати беқиёслигини эътироф этди.
Меҳмон, қабул учун миннатдорлик билдириб, унинг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси якунига етаётганини маълум қилди ҳамда аввал муҳокама қилинган масалалар – Турк мактабини кенгайтириш, Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номини Тошкент кўчаларидан бирига бериш ҳамда Тошкент шаҳрида Турк боғини ташкил этиш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.
Учрашув якунида тарафлар ўзаро мулоқотни давом эттириш ҳамда ҳар икки давлат учун манфтаатли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.