Тошкент ерости ва ерусти метро йўллари ҳалқага айланди
Пойтахтимиз жамоат транспортида метрополитеннинг ўрни жуда катта. Унинг қамровини кенгайтириш мақсадида, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, ерусти метроси вужудга келди.
Ўтган йилларда бу улкан лойиҳанинг биринчи босқичи ва Сергели йўналиши очилган эди. Жорий йилда иккинчи босқич - Қўйлиқдан Сергелигача бўлган ерусти метроси қуриб битказилди.
Президент ушбу транспорт иншоотини бориб кўрди, жамоатчилик вакиллари билан бирга метрода юрди.
– 2017 йилда бу лойиҳани бошлаганимизда ишонмаганлар ҳам бўлган эди. Мана, Худога шукур, ерости ва ерусти метро йўллари боғланиб, ҳалқага айланди. Тўғри, оғир бўлди. Лекин халқимизга хизмат қиладиган, тарихда қоладиган йўл бу. Одамларимиз, фарзандларимиз бунда юриб, давлатдан рози бўлса, ниятимизга етган бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур иккинчи босқич доирасида 12 километр эстакада йўл ва 7 та бекат барпо этилган. Бу оралиқдаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Бир кунда 40 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилади.
Умуман, бугун Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан ошди. Шундан 38 километри 1977 йилдан кейин бунёд этилган бўлса, охирги 7 йилда 32 километр метро йўли қурилди. Бекатлар сони 50 тага етди. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 750 мингга етиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилда пойтахтимизга мингта автобус олиб келинди. Натижада жамоат транспортидан кунига 1 миллион 400 минг нафаргача йўловчилар фойдаланмоқда. Бу шахсий транспортларга эҳтиёжни, пировардида кўчаларда тирбандликни камайтиришда муҳим омил бўлмоқда.