Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 25/08/2016 "Тошкент-Бухоро" йўналишида "Афросиёб" поездининг илк қатнови амалга оширилди
"Тошкент-Бухоро" йўналишида "Афросиёб" поездининг илк қатнови амалга оширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти матбуот хизматининг хабарига кўра, 2016-йилнинг 25-август куни "Тошкент-Бухоро" йўналишида "Афросиёб" юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поездининг илк қатнови амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015-йил 26-мартдаги “Самарқанд-Бухоро темир йўлини электрлаштириш ва юқори тезликдаги йўловчи поездлар ҳаракатини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтган йилнинг апрель ойида “Самарқанд-Бухоро” йўналишидаги мавжуд линия йўлларини реконструкция қилиш, янги пўлат изларни ётқизиш ҳамда электрлаштириш ишлари жадал суръатларда бошлаб юборилган эди. 25-август куни ушбу лойиҳа тўлиқ ниҳоясига етказилиб фойдаланишга топширилди ҳамда "Тошкент-Бухоро" йўналишида "Афросиёб" юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поездининг илк қатнови амалга оширилди.

Мазкур йўналишдаги темир йўлнинг узунлиги 259 километрдан иборат. Умумий қиймати қарийб 400 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу лойиҳани амалга ошириш учун бор йўғи 16 ой вақт сарфланди. Лойиҳа доирасида 16,2 миллион кубметр тупроқ ишлари, шунингдек, 146 километрлик "Мароқанд-Навоий" участкасида ер кўтарма ишлари бажарилиб, янги темир йўл тўлиқ ётқизилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Навоийдан-Бухорогача бўлган масофада эса мавжуд пўлат излар тўлиқ реконструкция қилинди. Бундан ташқари ушбу йўналишда жами 222 та сунъий иншоот, шу жумладан, 1 та пийодалар ўтиш йўлаги, 4 та йўл ўтказгич ва 4 та кўприк қуриб битказилди. Шунингдек, ушбу ҳудудда поездларни бир маромда электр қуввати билан таъминлаб берувчи 4 та электр тортиш станциялари бинолари ҳам тикланди ҳамда улар энг замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди. 1000 нафардан ортиқ ишчилар, темир йўлчилар, мутахассислар иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай демай, ишни қизғин олиб боришди.

Магистралнинг икки томонида деярли 500 километрдан зийод масофага металл тўсиқлар ўрнатилди. Мазкур қурилишга 220 яқин замонавий техника жалб этилди.

Каттақўрғон шаҳрида бир йўла юз нафар йўловчига бугунги кун талаблари даражасида хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган янги, замонавий вокзал биноси қад ростлади. Лойиҳа доирасида Бухоро вокзали тубдан реконструкция қилинди. Эски, кўримсиз вокзал ўрнида бугун замонавий, халқаро стандартларга мос, бир вақтнинг ўзида 300 нафардан зийод йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган муҳташам вокзал биноси қадим ва кўҳна шаҳарга янада кўр бағишламоқда. Кенг ва ёруғ кутиш зали, чиптахоналар, она-бола ва тиббиёт хонаси, шунингдек, хорижлик сайёҳларни кутиб олиш, кузатишни ташкил этишга хизмат килувчи барча шарт-шароитларга эга кўркам маскан барпо этилиб, Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди. Энг муҳими, айём арафасида пойтахтдан Бухорога хорижда ишлаб чикарилган "Афросиёб" юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поездининг илк бор қатнови йўлга қўйилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунгача йўловчилар Тошкентдан Бухорогача 600 километрдан ортиқ масофага темир йўл орқали 7-8 соатда етиб боришган бўлса, эндиликда 3 соату 20 дақиқада ўз манзилларига замонавий поездларда етиб олишлари мумкин.

Мутахассисларнинг изоҳлашича, мазкур лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши натижасида темир йўл участкасининг ўтказиш имконияти 36 фоизга ошади, эксплуатация харажатлари эса 36 фоизга камаяди. Энг асосийси, ушбу йўналишда яна 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Эътиборли томони шундаки, ушбу ҳудудда юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поездлари қатнови йўлга қўйилгандан сўнг, юртимизда бундай поездлар ҳаракатланадиган темир йўллар узунлиги 700 километрдан ортди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг