Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 30/12/2023 Тошкент, Андижон ва Навоий вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди
Тошкент, Андижон ва Навоий вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди

Муқаддам Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани ҳокими лавозимида ишлаган шахс ва ички ишлар органларининг собиқ ходими ҳамда маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро ўзаро тил бириктириб, алдов йўли билан тадбиркорнинг ишончига киришган.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани “Сурум” МФЙ ҳудудидан тикувчилик фабрикаси ташкил этиш учун бошқа бир фуқарога тегишли масъулияти чекланган жамиятга берилган 11,1 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 6 млн. АҚШ доллари талаб қилишган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, мазкур 3 нафар шахс Тошкент шаҳридаги кафелардан бирида сўралган пул маблағидан 200 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи, 1977 й.т., муқаддам судланган шахс Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани “Илғор” МФЙ ҳудудида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 10 гектар ер майдонини “Ўзбекистон - 2030” стратегиясининг 67-бандининг ижроси доирасида 10 йил муддатга ижарага олиб бериш эвазига тадбиркордан 80 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, у мазкур пул маблағидан 15 минг АҚШ долларини Оҳангарон тумани “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчисига бериши кераклиги аниқланиб, ушбу мансабдор шахс ҳам сўралган пулни олган вақтида ушланди. 

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи, 1990 й.т., муқаддам судланган шахс алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, унга тумандаги фермер хўжаликлардан бирига тегишли ер майдонидан 15 сотих қисмини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтган ва ер майдонига нисбатан расмийлаштирилган сохта ҳужжатларни кўрсатиб, келгусида мазкур ер майдонига нотурар жой сифатида ҳужжатлар тайёрлаб, унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 65 минг АҚШ доллари талаб қилган. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлар томонидан ИЖҚКД билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Навоий вилояти Кармана туманидаги қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият раҳбари мазкур МЧЖга қарашли 2,2 гектар ер майдонини харидорга 490 млн. сўмга сотишга келишиб, ушбу ер майдонида коттеж уйлар қуриш учун мансабдор танишлари орқали рухсат олиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, МЧЖ раҳбари талаб қилинган 15 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди. 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг