Тошкент аэропортида янги юк терминали очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Йилига 120 минг тонна юк ташиш қувватига эга янги юк комплекси 5,2 гектар майдонда жойлашган бўлиб, уч қаватли маъмурий бино, турли товарларни сақлашга мўлжалланган омборхона, шунингдек, енгил ва юк машиналари учун тўхташ жойини ўз ичига олади.
Омборхона 8500 кв.м майдонни эгаллайди ва унинг ичида маълум бир ҳарорат режимини сақлашни талаб қиладиган товарлар учун 500 кв.м майдондаги совутиш ва музлатиш камералари. Хусусан, омборхонада ўсимлик ва тирик ҳайвонлар, қимматбаҳо юклар, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонларни сақлаш учун махсус хоналар қурилган. Барча махсус хоналар ҳарорат ўлчагичлари билан жиҳозланган ва бу керакли ҳарорат режимини ўрнатиш имконини беради.
«Ҳозирда 1994-2000 йилларда қурилган юк терминали умумий майдони 3 гектарга яқин бўлган 20 га яқин эскирган кичик ва ўрта омбор ва маъмурий бинолардан ташкил топган. Юк терминалининг ўтказиш қуввати аслида йилига 30 минг тоннани ташкил этади. Ваҳоланки, 2024 йилда Тошкент аэропорти салкам 80 минг тонна юк ва почта жўнатмаларини қабул қилган. Маъмурияти ва ижарачилар жойлашган бино ва иншоотлар ҳам эскирган. Буларнинг барчаси юк ташиш комплексини кенгайтириш ва модернизация қилиш заруратидан далолат берди. Бугундан бошлаб эски терминалдан янги терминалга босқичма-босқич ўтиш бошланди», - дея таъкидлашди «Uzbekistan Airports Cargo»да.
Шунингдек, омборхона фаолияти учун жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан замонавий ускуналар, хусусан, юк сақлаш стелажлари, юк кўтариш ва ташиш, қадоқлаш ускуналари ҳамда ҳисоб-китоб, автоматлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш ускуналари харид қилинди. Бу юкларни қайта ишлаш вақтини қисқартиради ва авиаташувчиларга умумеътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди.
Бундан ташқари, UzCargo ходимлари, тегишли хизматлар (божхона, ветеринария, ўсимликлар карантини ва бошқалар), импорт/экспорт компаниялари вакиллари, авиакомпаниялар ва декларантлар, шунингдек, юк қабул қилувчилар учун 3000 кв.м майдонга эга уч қаватли янги маъмурий бино қурилди. Биринчи қаватда юк қабул қилувчилар электрон навбат орқали хизматлардан фойдаланишади. Иш офислари бинонинг иккинчи ва учинчи қаватларида жойлашган. Шунингдек, барча манфаатдор шахсларга енгил ва юк машиналари учун мўлжалланган катта тўхташ жойи мавжуд бўлади.
UzCargo («Uzbekistan Airports Cargo» МЧЖ) — 2022 йил 1 ноябрда «Uzbekistan Airports» АЖ таркибида ташкил этилган шўба корхона. Корхона Тошкент аэропорти Почта-юк комплекси негизида ташкил этилган бўлиб, аэропортда юкларни қайта ишлаш ва сақлаш, юкларни ортиш ва тушириш ҳамда транспорт ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича хизматлар кўрсатади.