Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 10/10/2017 Томорқа – қўшимча даромад манбаи
Томорқа – қўшимча даромад манбаи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президентимизнинг ҳар бир Фармон ва Қарорини ўқиганимизда муайян соҳада қўлга киритилган ютуқлар холис эътироф этилиб, тизимнинг барқарор ривожланиши йўлидаги муаммо ва камчиликлар ҳам бирма-бир кўрсатиб ўтилганига амин бўламиз.

Жорий йил қабул қилинган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳақида ҳам ана шундай фикрларни айтиш мумкин.

Лола Муротова,
Фарғона вилоят Кенгаши депутати, Олтиариқ тумани “Нурли Обод” фермер хўжалиги раҳбари:

Истиқлол йилларида фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилди. Уларнинг мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектлар сифатида шаклланиши ва ривожланишини таъминлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 100 фоизи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштириллаётгани бунга яққол мисол бўла олади.

Шу билан бир қаторда аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги пастлигини ҳам очиқчасига эътироф этиш керак. Шу боис ҳам фармонда томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш, бу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш биринчи навбатдаги вазифа этиб белгиланганди. Бундан ташқари, давлат бошқаруви органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига экин майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу эса томарқани даромад манбаига айлантиришига ишонамиз.

Жуманазар Қурбонов,
Халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси:

Фармонга мувофиқ фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш, бу борада парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизимини яратиш белгилангани айни муддао бўлди. Фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб бориш тартиби жорий этилмоқда.

Бу албатта маҳаллий Кенгаш депутатларидан ҳам катта масъулият талаб этади. Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг юқоридаги фармони ижросини ҳокимлар, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати раҳбарлари бошчилигидаги комиссия алоҳида назоратга олишини тавсия қиламан.

Убайдулла Усмонов, Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати, Нишон туманидаги “Пахтаобод чорва” фермер хўжалиги раҳбари:

Фармонда 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижара шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилиниши белгилаб қўйилгани айни муддао. Чунки ҳеч қандай мажбурияти йўқ, ҳоҳлаган экинини экиб, ҳеч қандай ижтимоий масъулиятни сезмайдиган фермерлар ҳам орамизда йўқ эмас.

Шунинг учун фармонда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, асаларичилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа муҳим йўналишларини янада ривожлантириш, фермер хўжаликларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишда фермерларнинг, айниқса томорқа эгаларининг масъулияти аниқ белгилаб қўйилган. Бу эса тўкин-сочинлик ва фаровонликка эришишга ижобий хизмат қилади.

Инобат Очилова,
Навбаҳор туман Кенгаши депутати,“Очилова Инобат” фермер хўжалиги раҳбари:

Фармонда деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларини рағбатлантириб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонларини таъсис этиш белгиланган.

Шу ўринда қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Мамлакатимиз бўйича жами 480 минг гектар томорқа майдони бор. Бу ҳар бир ватандошимизга 0,015 гектар ер майдони тўғри келишини англатади. Демак, давлатимиз ўз томорқасидан фойдаланиб, турмуш фаравонлигини таъминлаётган юртдошларимизни рағбатлантиришни ҳам унутгани йўқ. Бундай эътибор ва ғамхўрлик ҳаммамизни хурсанд қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг