«Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги технологияларни биринчилардан бўлиб татбиқ қилаётган қишлоқ аёллари кескин ўзгаришларга биринчилардан бўлиб ўз муносабатларини билдирадилар ҳамда глобал тараққиётни ҳаракатга келтира оладиган қудратли кучга айланадилар», — БМТнинг Бош котиби Антониу Гутерриш.
Бугун Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг фаоллар залида қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган аёллар ўртасида ташкил қилинган «Томорқа майдонларидаги экинларни суғоришда сувдан самарали фойдаланиш» танловининг ғолибларини расмий тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Танлов Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси (СРБМЛ) билан ҳамкорликда жорий йилнинг июнь ойида эълон қилинган эди. Лойиҳа Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (ШТҲА) томонидан молиялаштирилиб, Марказий Осиёда 2017-2021 й.й. даги ҳамкорлик стратегиясида гендер тенгликни алоҳида таъкидлаб келган. Шу сабабли лойиҳа ўз фаолиятида гендер масаласини имкон қадар кўриб чиққан ва назарда тутди.
Танлов жамоатчиликнинг, айниқса, қишлоқ аёлларининг томорқа майдонларида қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлашда сувдан фойдаланишнинг самараси ҳақида хабардорлигини ошириш кампаниясини амалга ошириш доирасида, шунингдек, TOMCHI ижтимоий тармоғига қишлоқ аёлларини кенг жалб қилиш ҳисобига фойдаланувчиларнинг сонини кўпайтириш мақсадида ўтказилди.
Танлов иштирокчиларига «TOMCHI» мобил иловасини юклаб олиш; «TOMCHI» ТГ каналига обуна бўлиш; ўз томорқаларида қўллаётган сувни тежовчи самарали усулни қисқа баён қилган ҳолда, уни тавсифловчи фотосуратларни ёки видеороликни юбориш таклиф қилинган эди. Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан юзлаб аёллар таклифимизга хайрихоҳлик билдириб, танлов иштирокчиларига айландилар. Танлов аёлларимиз қанчалар топқир эканларини намоён қилди. Сувни тежамкорлик билан қўллаш учун қўлостидаги барча воситалар яроқли эканини кўрсатдилар: бу томчилатиб суғориш мақсадида оддийгина тешиб чиқилган шланг, экинга сувни томчилатиб етказиб берадиган ариқ четига солинган целлофан, қон қуйишга мўлжалланган тиббиёт системаларидир. Оддийгина пластик сув идишини айтмайсизми: қандай кўринишларда қўлланмади-я!?
Танловга юборилган ишларни баҳолаш учун Сув хўжалиги вазирлиги, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларидан мустақил ҳакамлар ҳайъати ташкил этилди.
Расмий тақдирлаш маросими ҳар йили 15 октябрда нишонланадиган Халқаро қишлоқ хўжалиги аёллари кунида бўлиб ўтди. Бу кун қишлоқ аёлларининг меҳнатини яна бир бора жамоатчиликнинг ёдига солиш, уларнинг меҳнати қанчалар қадрли эканини эслатиб қўйишга қаратилган.
Ташкилотчилар байрамона муҳитни ярата олдилар. бундай унитилмас воқеа кунида Тошкентга етиб кела олган ғолиблар билан бирга, он-лайн уланган юзлаб фермер ва сувчи аёллар байрам тадбирининг иштирокчисига айландилар.
Фермер-аёллар худди эркаклар каби самарадор ва ташаббускор бўла олишларини яна эслатиб қўйдилар. Шунингдек, улар ҳам ерга эгалик қилиш, кредит, қишлоқ хўжалиги ресурслари, бозор ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўлиқ имкониятларга эга бўлишларига шароит яратиш зарур.