Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) --Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Томчи” мобиль иловаси танловининг биринчи босқич ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Мазкур танлов “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” доирасидаШвейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилган бўлиб, унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан кўплаб фермерлар, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа эгалари иштирок этди. Якунда улардан 26 нафари мутахассислар томонидан ғолибликка лойиқ кўрилди.
“Томчи” мобиль иловаси фойдаланувчиларга сувни тежашнинг анъанавий ва инновацион технологиялари ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. Шунингдек, сувдан фойдаланувчилар ва сув хўжалиги ташкилотларининг ирригация тизими ва экин майдонларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятларини оширади. Иловада технологияларнинг маҳаллий бозордаги нархи, ишлаб чиқарувчилар хусусида маълумотлар бор.
Тадбирда ташкилотчилар томонидан ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.