Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Спорт 23/05/2019 Токио-2020 Олимпия ўйинларида бокс спорт турининг тақдирига аниқлик киритилмоқда
Tokio-2020 Olimpiya o'yinlarida boks sport turining taqdiriga aniqlik kiritilmoqda

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Хабарингиз бор, бир неча ойдан бери бокснинг Токио Олимпиадаси дастуридан ўрин олиши, ёинки, чиқиб кетиши борасида кўплаб саволлар туғилаётган эди. Кеча Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах ташкилотнинг ижроқўм аъзолари билан бокснинг Токио Олимпиадасидан ўрин олиш масаласи ва квалификация тизими, беллашувларни қайси ташкилот шафелигида ўтказилиши каби масалаларга бағишлганган йиғилиш ўтказди.

Унга кўра, бокс Токио Олимпиадаси дастуридан ўрин олади, аммо шу пайтгача бокс беллашувларини ўтказган AIBA ташкилоти Олимпиаданинг саралаш тизимига аралашмайди ва ташкилотнинг Олимпия ўйинларидаги роли бутунлай тўхтатилади. Ушбу йиғилишда бокс беллашувларини ХОҚ томонидан ташкил қилинадиган махсус комиссия ўтказиши ва унга Халқаро гимнастика федерацияси президенти Моринари Ватанабе раҳбарлик қилиши борасида хулосага келинди. Токио Олимпиадаси учун аввалгидек умумий ҳисобда 286 та квота ажратилган. Бунда эркаклар ўртасида 8, аёллар ўртасида 5 вазн тоифаларида беллашувлар бўлиб ўтади. Бироқ мусобақалар айнан қайси вазн тоифаларида ўтказилиши бўйича аниқ тўхтамга келинмаган.

Қайд этиш жоиз, бу йил Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати XXXII Олимпия ўйинларига йўлланма бермайди. Токио Олимпиадасига лицензия берадиган мусобақалар келаси йилнинг январь ва май ойлари оралиғида ўтказилади. Бироқ бунга мезбонлик қиладиган давлатлар ва турнир саналари бўйича ҳозирча аниқ тўхтамга келинмаган. Юзага келаётган барча масалалар бўйича якуний қарор 24-26 июнь кунлари Лозаннада ўтказиладиган ХОҚнинг навбатдаги Сессиясида эълон қилинади.

Маълумот учун, Рио-2016 Олимпия ўйинларида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 10 нафар спортчи билан баҳсларда иштирок этиб, якунда уларнинг еттитаси совринли ўринларга сазовор бўлганди. Натижада 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан Ўзбекистон терма жамоаси Олимпия ўйинларини умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлаганди.

Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.   

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг