Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 20/10/2016 ТИВК Раиси, Ўзбeкистон Рeспубликаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг ОАВ вакиллари учун якуний брифингдаги нутқи
ТИВК Раиси, Ўзбeкистон Рeспубликаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг ОАВ вакиллари учун якуний брифингдаги нутқи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм,
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари,

Эндигина якунланган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашида ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомига эга давлатларнинг ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва нуфузли делегациялари, муҳтарам Бош котиб жаноб Ияд Амин Мадани, Ташкилотимиз комиссияси ва турли тузилмаларининг раҳбар ва вакиллари ҳамда турли минтақавий ва халқаро ташкилотлардан таклиф қилинган меҳмонлар иштирок этди.

Мамнуният билан маълум қиламанки, аъзо давлатлар мустаҳкам бирдамликни, халқаро кун тартибининг аксарият долзарб масалалари юзасидан қарашлар ва позицияларнинг ўхшаш ва мувофиқлигини, муросага келиш ва энг муҳими, мавжуд муаммоларни самарали ҳал қилиш ҳамда Ташкилотимизнинг жаҳондаги нуфузини мустаҳкамлашга кўмаклашиш учун сиёсий хоҳиш-иродани яна бир бор намойиш қилдилар.

Ишимиз якунларига кўра Тошкент декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ИҲТнинг обрўли ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан бир қаторда ўзининг муносиб ўрнига эгалигини таъкидлайди ҳамда мусулмон уммати бирлигини таъминлаш, мустаҳкам тинчлик ва хавфсизликни ўрнатиш, аъзо давлатларга барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш мақсадида ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақиради.

ТИВК Фаластин ва Ал-Қуддус Аш-Шарифни, Фаластин халқининг қонуний ва даҳлсиз ҳуқуқларини, Яқин Шарқда тартиб ўрнатиш бўйича тинчлик ташаббусларини ҳамда Фаластин қочоқлари муаммоларини адолатли ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал қилинишини яна бир бор тўлиқ қўллаб-қувватлади.

ИҲТга аъзо давлатлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги вазиятни БМТ Низомидаги тамойиллар ва халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормаларига мувофиқ равишда инқирозларни сиёсий йўл билан тартибга солиш орқали зудлик билан барқарорлаштириш зарурлиги тўғрисида ягона фикрга эгадирлар.

Афғонистондаги вазиятга халқаро ҳамжамият эътиборини жалб этган ҳолда Афғонистон муаммосига ҳарбий ечим йўқлиги яна бир бор таъкидланди. Афғонистондаги ички зиддиятларни ҳал қилиш бутун халқни яраштириш жараёнларини олға суриш орқали ҳамда афғонлар раҳбарлигида ва афғонлар томонидан амалга оширилиши керак деб ҳисоблаймиз.

Ташкилотга аъзо мамлакатлар терроризм ва экстремизмнинг барча кўринишларига, наркотик моддаларнинг ноқунуний ишлаб чиқарилиши ва айланишига, ноқонуний қурол савдоси, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш ва етказиш воситаларига қарши курашишнинг устуворлиги таъкидланди. Қайд этилганидек, мазкур хавфли муаммоларни енгиш ва бартараф этиш ҳамжиҳатликда курашиш ҳамда уларнинг пайдо бўлиш аломатлари ва илдизларини йўқ қилиш учун чоралар ишлаб чиқиш орқали амалга оширилади.

43-сессиянинг барча иштирокчилари терроризм мафкураси, зўранвонликка асосланган экстремизм ва диний фанатизмга қарши курашишнинг зарур воситаси сифатида муқаддас Ислом дини ҳақидаги билимларни оммалаштириш зарурлигини қайд этдилар.

Ўзбекистоннинг ИҲТ ТИВКдаги расилиги “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунйодкорлик йўли” шиори остида ўтишини ҳисобга олиб, Ислом оламининг машхур олим ва мутафаккирларининг илмий меросини чуқур англаш, инсон капиталига киритилаётган инвестиция ва маблағлар миқдори ўсишини таъминлаш, таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, ёш авлодни умуминсоний ва исломий қадриятларни ҳурмат қилиш ҳамда замонавий фан чўққиларини забт этишга интилиш руҳида тарбиялаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

ИҲТ олий таълим соҳасида, жумладан Таълим алмашинув дастури доирасида дастур ва тадбирларни давом эттириш ва янада кенгайтириш, олий таълим муассалари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларни жадаллаштириш ҳамда профессионал тайёргарлик учун стипендия ва дастурларини таъсис этишга тайёрдир.

Шу нуқтайи назардан янги қабул қилинган “Ўн йиллик ҳаракат дастури: ИҲТ – 2025”га юқори баҳо берилди. Ушбу ҳужжатни ҳаётга тадбиқ этилиши ХХИ асрда мусулмон давлатларида савдо ва инвестиция, юқори технологияларга ўтиш, хусусий сектор, саноатлаштириш, илмий соҳа ва таълимни ривожлантиришга кўмак беради.

Иқтисодий ўсишнинг секинлашуви масалаларини ҳал этиш юзасидан тажриба алмашиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларида ўзаро манфаатли узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳаларни амалга ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайта тикланадиган энергия манбааларидан фойдаланишнинг миллий дастурларини амалга ошириш ва инноватсион иқтисодиёт барпо қилиш бўйича ИҲТга аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатлари бир овоздан маъқулланди.

Кенгаш соғлиқни сақлаш соҳасининг юқори яшаш даражасини таъминлашда ва умуман жамият фаровонлигида асосий аҳамиятга эгалигини таъкидлади ҳамда “2014-2023-йилларга мўлжалланган соғлиқни сақлаш соҳасида ИҲТнинг стратегик ҳаракат дастури”н” самарали ва тўлиқ амалга оширишга даъват қилди.

Сессия давомида ИҲТнинг минтақавий ва халқаро ташкилотлар, айниқса БМТ ва унинг институтлари билан ҳамкорлик ва муносабатларини янада чуқурлаштириш борасида Бош котибнинг саъй-ҳаракатлари тўлиқ маъқулланди.

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотининг барча устувор йўналишларини маъқуллайди ва ўзининг ТИВКдаги раислик даврида белгиланган режаларни амалга ошириш учун ҳаракат қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Сессия доирасида “Ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш ва бунйодкорлик салоҳиятини рағбатлантириш” мавзусида махсус йиғилиш ўтказилди. Унда аъзо давлатларнинг ёшлар сиёсати ва мазкур соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари масалалари юзасидан батафсил ва самарали фикр алмашилди.

Ўзимга берилган ушбу фурсатдан фойдаланиб ИҲТ ТИВК раиси сифатида Бош котиб жаноби олийлари муҳтарам Ияд Амин Маданига мусулмон умматининг манфаатларини илгари суриш ҳамда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда қўйилган мақсадларга эришишда ИҲТга аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдаги роли учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Шунингдек Икки кунлик ишимиз давомида 118 та резолюция ҳам қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар матни билан кейинроқ ИҲТ сайтида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сайтининг “Ўзбекистоннинг ИҲТ ТИВКда раислиги” номли саҳифасида танишишингиз мумкин.

ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Кот-дъИвуар Республикаси таклифини қабул қилди ва ИҲТ ТИВКнинг 44-сессиясини 2017-йилда Ямусукро шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сўзим сўнгида, ҳурматли ОАВ вакиллари, ушбу учрашувда иштирок этганингиз учун сизларга миннатдорчилик билдиришга ижозат бергайсиз.

Эътиборинингиз учун раҳмат!
Мамнуният билан сўзни жаноб Бош котибга бераман.
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг