Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 05/03/2019 Тижорат банкларининг акциялар пакетлари Давлат активларини бошқариш агентлиги назоратига ўтказилди
Тижорат банкларининг акциялар пакетлари Давлат активларини бошқариш агентлиги назоратига ўтказилди

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сонли фармони ҳамда ПҚ-4112-сонли қарорларига асосан, мамлакатимизда давлат активларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш белгилаб берилди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан қайд этилганидек, давлат иштирокидаги корхоналарда бозор тенденцияларига мослашувчанлик ва сезувчанликнинг йўқлиги, уларнинг солиқ ва божхона, шу жумладан, якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган имтиёзларга ҳаддан ташқари боғлиқ бўлиб қолганлиги, аксарият ҳолларда стратегик режалаштириш, хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва бошқариш тизимининг йўқлиги, кўплаб фаолият соҳасига тааллуқли бўлмаган активлар мавжудлиги сабабли давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестициявий жозибадорлиги пастлиги кузатиларди.

Қабул қилинган ҳужжатларга мувофиқ, мазкур соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида давлат иштирокидаги корхоналарни бошқаришнинг бозор механизмларини ишлаб чиқиш, уларда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, ушбу корхоналар фаолиятининг самарадорлиги учун уларнинг бошқарув органлари масъулиятини ошириш, халқаро институтлар ва компанияларни жалб этган ҳолда давлат улушларини босқичма-босқич қисқартириш, самарали ва шаффоф хусусийлаштиришни таъминлаш белгилаб берилди.

Жумладан, давлат улушларини самарали бошқариш бўйича Давлат активларининг ваколатлари кенгайтирилиб, вазифалар аниқ кўрсатилди. Хўжалик жамиятлари бошқарувини шаффоф ташкил этиш, ушбу жараёнда соғлом рақобат муҳитини таъминлашга қартилган қатор нормалар киритилди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Президент қарорига мувофиқ, хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат улушлари, шунингдек бошқариш учун турли вазирликлар ихтиёрига берилган давлат активлари, акция пакетлари Агентликка берилиши белгиланди.

Жумладан, олдин Молия вазирлиги томонидан бошқарилган тижорат банклари ва суғурта компанияларининг устав капиталидаги улушлар Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган бўлиб, Агентлик таркибида Молиявий активларни бошқариш департаменти ташкил этилган.

Бугунги кунда республикамизда жами 29 та тижорат банклари фаолият кўрсатаётган бўлиб, улардан 13 тасининг устав капиталида давлат иштироки мавжуд.

Мақсадимиз - молия соҳаси ташкилотларининг барқарор фаолиятини таъминлаш, айниқса банк тизимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги ПҚ-3270-сонли қарорида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳисобланади.

Бунинг учун, бир қатор Халқаро молия ташкилотлари, экспертларни жалб этган ҳолда тизимга янги ёндашувлар, замонавий менежмент ва янги турдаги маҳсулотлар олиб кирилади. Шунингдек, молия соҳасидаги ташкилотларнинг ўзаро илғор тажрибаларни алмашуви йўлга қўйилади.

Ушбу ўзгаришлар молия-банк тизимидаги ташкилотлар фаолиятини янада яхшилаш, аҳоли ва бизнес мижозларга кўрсатиладиган хизматлар турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш имконини беради.

Манба: Ўзбекистон республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг