Валюта курслари 08/05/2025
$1 – 12910.15
UZS – -0.11%
€1 – 14660.77
UZS – 0.27%
₽1 – 159.78
UZS – -0.1%
Қидириш
Технологиялар 19/04/2025 Технопарклар фаолиятини ривожлантириш бўйича Корея тажрибаси асосида Ўзбекистон миллий стратегияси ишлаб чиқилади

Технопарклар фаолиятини ривожлантириш бўйича Корея тажрибаси асосида Ўзбекистон миллий стратегияси ишлаб чиқилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мазкур лойиҳа Кореянинг Фан ва технология сиёсати институти (STEPI) нинг К-Инновацион ҳамкорлик дастури доирасида ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббоев ҳамда Кореянинг Фан ва технология сиёсати институти тадқиқотчилари, Геонгбук технопарки директори бошчилигидаги делегация аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда мазкур лойиҳага расмий старт берилди.

Технопарклар бўйича Ўзбекистон миллий стратегиясини ишлаб чиқиш лойиҳаси 2025-2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги технопарклар фаолиятини ривожлантириш юзасидан Корея тажрибаси асосида миллий стратегия ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида технопарк ходимлари учун Корея Республикасида малака ошириш курслари ташкил этилади.

Инновацион ривожланиш агентлигининг Илм-фан ва инновацияларга инвестиция ва хорижий грантларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Умиджон Ҳошимов лойиҳа ҳақида шундай деди: - Республика ҳудудларида жойлашган 13 та Ёшлар Технопарки ва пойтахтимиздаги «Яшнобод» инновацион технопарки Инновацион ривожланиш агентлигига қарашли саналади. Мисол учун Ёшлар технопаркларини оладиган бўлсак бу ерда робототехника, мехатроника, веб дастурлаш, 3D моделлаштириш, компьютер саводхонлиги каби турли ўқув курслари ташкил этилган. Бундан ташқари ёшларнинг «стартап» лойиҳаларини ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган «ФабЛаб» лабораториялари ишламоқда. Бироқ технопаркларда талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш ва бозор механизмларини жорий этиш, улар орқали ёшларни даромадга олиб чиқиш ҳамда фаолиятини янги босқичга кўтариш учун ҳам технопарклар фаолиятини такомиллаштиришимиз зарур. Кореянинг Фан ва технология сиёсати институти билан амалга оширадиган лойиҳамиз айнан мана шу мақсадга қаратилган. Кейинги 2 йилда ишлаб чиқиладиган Технопарклар фаолиятини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон миллий стратегияси мазкур йўналишда кўплаб истиқболли лойиҳаларга замин яратади, деган умиддамиз.

Шунингдек, лойиҳа доирасида Корея Фан ва технология сиёсатини ривожлантириш модели ва тажрибасини маҳаллий технопаркларимизга қўллаш амалиёти жорий этилади. Бу ўз навбатида технопарклар фаолиятини янгича ташкил этиш ва бунинг пировардида улар томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг жозибадорлигини ҳам оширади.

Маълумот учун, K-Innovatsion ҳамкорлик дастури 2014 йилда Фан ва технология сиёсати институти (STEPI) томонидан Корея ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида фан, технологиялар ва инновациялар сиёсати ҳамкорлиги платформаси сифатида бошланган. Ўзбекистон ушбу дастурда 2014 йилдан буён биринчи марта ғолиб бўлди.

Фан ва технология сиёсати институти (STEPI) 1987 йилда ташкил этилган Корея Республикасининг ҳукумати томонидан молиялаштириладиган тадқиқот ташкилоти ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси миллий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва глобал рақобатбардошликни ошириш учун фан, технология ва инновациялар соҳаларида сиёсий тадқиқотлар ва таҳлилларни таъминлашдан иборат.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг